Шу йил 7—8 ноябрь кунлари Остона шаҳрида «Журналистика келажаги» мавзусида йигирманчи ЕХҲТ Марказий Осиё конференцияси бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Конференция кун тартибидан рақамли маълумотлар даврида ахборот сифати ва журналистика келажаги, дезинформация ва унга қарши кураш йўллари, фойдаланувчилар контентининг ўзига хос жиҳатлари ва оммалаштириш хатарлари, фактчекинг ва медиасаводхонлик фейкларга қарши универсал қурол сифатида, шунингдек, ёлғон маълумотлар кенг тарқалаётган замонда сифатли журналистика стандартлари каби мавзулар ўрин олган.
Сўзга чиққанлар тобора ортиб бораётган рақамлаштириш муносабати билан муштарак мавзулар бўлиши муҳимлигини қайд этди. Таъкидланганидек, интернет барчанинг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиши учун улкан қулайликлар тақдим этиб қолмай, унинг аудиторияси учун ҳам ахборот яратиш ва тарқатиш имконини бермоқда. Бироқ, янги ахборот экотизимида ёлғон хабарлар кўпаяётгани жиддий хатарга айланиб, фактлар билан ишлашда журналистиканинг профессионаллик даражаси масаласининг долзарб аҳамиятини келтириб чиқарди ва фактларни текшириш кўникмасини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Г.Бобожонова таъкидлаганидек, фейкларга қарши курашда журналистлар аввало ахборотни текшириши, муқобил манбалар излаши ва тезкорлик кетидан қувиб аниқликни хавф остига қўймаслиги керак. Фактчекинг ва ахборот манбаларини текшириш учун журналистлар профессионаллик даражасини, уларнинг кўплаб мультимедиа платформаларидан фойдаланиш бўйича малакасини ошириш унга эришиш йўлларидан биридир.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бўлим бошлиғи А.Кан ўз чиқишида Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида сўз эркинлигини таъминлаш борасида улкан ўзгаришлар амалга оширилганини қайд этди.
Анжуман давомида ўз-ўзини тартибга солиш соҳасида турли мамлакатлар ўртасида тажриба алмашилди, бу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва давом эттириш мақсадга мувофиқ. Бугун ўз-ўзини тартибга солишнинг талай механизмлари мавжуд бўлиб, одоб-ахлоқ қоидаларини такомиллаштириш ҳам бу борада мустақил восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Изоҳ (0)