Қўқонда икки йилда бир марта Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади. Бу Ўзбекистон президентининг 1 ноябрдаги қарорида ўз аксини топди, деб ёзади «Газета.uz».
Биринчи марта ушбу фестиваль ҳамда фестиваль доирасида «Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида илмий-амалий конференция 2019 йилнинг 10−15 сентябрь кунлари ўтказилади.
Фестивальга тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилади.
Фестиваль доирасида Қўқондаги марказий майдоннинг ён атрофида ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилади.
Бундан ташқари, миллий либослар кўргазмали чиқишлари, аския ва қизиқчилар, фолклор ва дорбозлик жамоаларининг томоша дастурларини намойиш этиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)