Ўзбекистонда стартапларни жорий этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро миқёсда оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунинг учун маҳаллий илмий ва инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш мақсадида инновацион тадбиркорликнинг ривожланиш даражасини оширишни қўллаб-қувватлайдиган бир қанча ташкилотлар ташкил этилди, деб ёзади ЎзА.
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ана шундай ташкилотларнинг бири сифатида бугунги кунда инновацион технологияларни яратиш ва ҳаётга татбиқ этиш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ва жадал ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамғарма ёш олимларнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришга, шунингдек, инновацион ишланмаларни шаклланиш босқичидан бошлаб уларни бозорга чиққунига қадар илгари суриш ва ишлаб чиқаришга жорий қилишга ёрдам берадиган қулай шарт-шароитларни яратишда кўмаклашмоқда.
Жамғарма директори Бунёд Охуновнинг айтишича, Ўзбекистон ёш олимларининг қисқа муддатли илмий стартапларини молиялаштиришга жорий йилда жамғарма томонидан 200 минг АҚШ доллари ажратилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар, 21 нафар ёш олимнинг илмий стажировкалари ўрнатилган тартибда тўлиқ молиялаштирилди. Йил якунига қадар жами 30 нафардан ортиқ ёш олимнинг илмий стажировкаларини молиялаштириш кутилмоқда.
«Мамлакатимизда илмий стартапларни амалга оширишнинг пайти келди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси умумий ва ноорганик кимё институти 1-босқич докторанти Ситорабону Расулова. — Чунки бугун Ўзбекистонни бутун жаҳон тан олмоқда. Жорий йилда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг моддий кўмагида Москвадаги Д.И.Менделеев номидаги кимё-технология университетида қазиб олинадиган рудалар бўйича бир ой давомида амалиёт ўтадим. Эндиликда ўз стартапимни шакллантириш ва кенгайтириш учун ўрганганларимни кенг татбиқ қилишга ҳаракат қиламан».
Изоҳ (0)