28 октябрь куни Фарғона вилояти Риштон тумани Ёйилма қишлоғи Тўлқин кўчасида яшовчи 2002 йилда туғилган фуқаро ҳамда ушбу хонадонга меҳмонга келган Қўрғонча қишлоғида яшовчи 1986 йил туғилган фуқаро ис газидан заҳарланиб, вафот этган, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Бахтсиз ходиса сабаблари ўрганилганда, хонадон эгаси ва меҳмон тунаб қолган уйнинг иситиш печининг дудбурони (мўриси) ичига ёз пайтида қушлар ин қургани сабабли, дудбурон хас-хашак ва қушларнинг пати билан тўлиб қолган ва тортиш кучини йўқотганлиги маълум бўлди.
Табиий газнинг чала ёниши оқибатида ис гази ҳосил бўлиши ҳамда унинг уй ичига тўпланиши фуқароларнинг ўлимига олиб келган.
«Кириб келган куз-қиш мавсумида иситиш печларидан фойдаланишдан аввал дудбуронларнинг тозалиги ва тўғри ўрнатилганлигига ишонч ҳосил қилинг.
Ис газидан заҳарланишдан огоҳ бўлинг!», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)