Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

ЎзАда Дониёр Исмоилов билан хорижлик мутахассислар қизиқишаётгани ҳақидаги мақола чоп этилди. Қуйида ушбу мақолани батафсил ўқийсиз.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Бухоро вилояти қишлоқларининг бирида ёзда чанг-тўзон, қишда лой кечиб, катта бўлган Руслан Шарипов бугун дунё етакчи олимлари билан ҳамкорликда физика-математика соҳасида кашфиётлар қилмоқда.

Бир неча йиллар аввал у бирданига Москва давлат университетининг 3-босқичига қабул қилинган ва кейинчалик тадқиқотларини шу давлатда олиб борган. У бугунги ихтироларини Ўзбекистон учун яратиши ҳам мумкин эди. Лекин...

Афсус оғир ижтимоий шароитда яшаётган йигитни юқоридагилар пайқаб, уни қўллагунларича хорижликлар бу ноёб истеъдод эгасини «илиб» кетишди.

Бугун Ўзбекистоннинг яна бир математика бўйича чемпион йигити Дониёр Исмоиловга хорижлик мутахассислар қизиқишмоқда. Мухбирлар Дониёрнинг уйида бўлиб, шароитлари билан танишди, чемпионнинг онаси билан суҳбатда бўлди.

Чемпионнинг уйи

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Қуртлаган том, ағанаётган уй, чўл ўртасидаги фақирона ҳаёт туман ҳокимликларига нормал шароит бўлиб кўринганга ўхшайди. Дониёрнинг уйи Қораун қишлоғининг энг чеккасида жойлашган. Ағанай деб турган икки хонали уй томлари ёғоч ва қамишлардан иборат бўлиб, у ёғингарчиликларга яроқсиз ҳолатга келиб улгурган. Хонадон эгаси шифтни қуртлаб кетганини айтади. Икки хонали уйда бир икки буюм ва сандиқ тўла китоблардан бўлак тайинли бир жиҳознинг ўзи йўқ.

Уй шифти бурчагидаги ўпирилган жой мато билан беркитилган. Унниққан шолчалар, кўрпачалар, қийшайиб кетган ромли деразалар... Энди бу уйда қишлашни тасаввур қилаверинг. Уй тўрида турган янгича телевизор туман ҳокимлигининг совғаси. Ўтган йили туман ҳокимлиги совға қилган телевизорни Дониёрнинг онаси 750 минг сўмга – ўғлининг чемпионатга қатнашиши учун сотиб юборган. Уй эгалари 15 сотих ерга эга. Лекин, бу ердан расмана фойда олиш учун аввал унга пул сарфлаш лозим. Хонадон эгасининг эса бунга имконияти йўқ. Бундан ташқари, Қораун қишлоғининг аксарият ерлари ўта шўрланган бўлиб, деҳқончилик учун яроқсиз. Сув ҳам муаммо, аммо ҳокимият хонадон эгалари 15 сотих ерга эгалигини шама қилмоқда. Гўёки улар тайёр ердан фойдаланиб, даромад олмаётгандек.

Мақоладан сўнг

Сайтда бу ҳақида мақола эълон қилингач, уйни туман ҳокимлиги бориб ўрганган. Ҳокимлик вакилларини «ҳақиқатан бу оила ёрдамга муҳтожми?», деган савол қийнаган.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Чемпион боланинг онаси Лобар Раҳимова туман ҳокимлиги уйларини таъмирлаб, томини шифер билан ёпишга ваъда берганини айтади. Аммо Лобар аянинг айтишича, «бу уй томидаги ёғочлар чиригани боис шиферни ҳам кўтара олмайди. Агар шифер қилинса уй ағанаб кетиши аниқ». Энди ўзингиз бир тасаввур қилинг, биз юқорида тасвирлаган уйни таъмирлаш керакми ёки тамомила бузиб бошқа қурган афзалми?

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Яна бир савол қийнайди, чемпион бола ҳақида мақола эълон қилинмагунча нега туман ҳокимлиги бу оилага бефарқ бўлиб келган. Улар кўрсатган ёрдам, икки дона телевизордан иборат, холос. Ҳокимиятнинг бу кичик ёрдами билан оилани оғир аҳволдан қутқариб бўлмайди. Юртимиз келажаги учун нақадар зарур бўлган иқтидорли болаларга муносабат шуми? Дониёр Исмоиловнинг мактабга қатнашга ҳам имкони йўқ. Қораун қишлоғидан туман марказига бориш учун транспортнинг ўзи йўқ, яқин орада бўлишига ҳам ишониш қийин. Дониёрни-ку, махсус мактаб интернатга кам таъминланган оила фарзанди сифатида тўловсиз ўқишга олишган, лекин бошқа болалар-чи? Дониёр бу қишлоқнинг ягона мактаб ўқувчиси эмаску?! Қишлоққа кириб боргунимизча, бошимизгача чангга ботдик, қизиқ ёғингарчилик дамларда қишлоқ аҳолиси бу кўчаларда қандай ҳаракатланар экан?

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Мақола эълон қилингач, «Адолат» партияси вакиллари ҳам чемпионнинг уйига ташриф буюришган. Шароитини ўнглашга ёрдам беришни ваъда қилишган. Мутасаддиларимизнинг энг қойиллатган ишлари, бу – ваъда бериш, шундай эмасми?..

Шунингдек, Лобар Раҳимова туман марказидан уй-жойга эга бўлиш учун рўйхатга киритилган. Рўйхатга кўра, Дониёрнинг оиласи уйлик бўлгунча у яна қанча қишларни шу қуртлаган том остида ўтказаркан?

Чемпион дарс қилиш ўрнига ишламоқда

Баъзи бир интернет сайтларида Дониёрнинг нон цехида ишлаб юргани ёлғонлиги айтилган. Бироқ, Дониёрнинг онаси ўғлининг тенгдошлари математика бўйича чемпионатларга қатнашиш учун тайёргарлик кўрганда, унинг ўғли бир-икки сўм топиш учун цехда ишлаганини айтади. У нон цехида ишлаганми ёки дафтарми бунинг бизга аҳамияти йўқ. Муҳими, иқтидор эгаси бўлган ёш ўспирин илм олиши лозим бўлган даврида ўқиш-ўрганишга вақт ажратолмай, ўзига ўқув-қуроллари олиш учун цехда ишлаб келган. Бизнинг-ча, Дониёр каби қобилиятли болаларга алоҳида шароит яратиш керак. Балки у келажакда Ўзбекистон ва бутун дунёда аҳамиятли бўлган кашфиётлар қилса, ажаб эмас.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

АҚШда фойдасиз бўлган ихтиролар учун ҳам маблағ сарфланаверади, чунки улардан бирон наф бўлиши эҳтимоли бор. Биз эса келажакда мева бериши аниқ бўлган иқтидорли ёшлари, замонамизнинг ал-Хоразмийлари учун пулни қизғанамизми?

Ёшлар Иттифоқи вакиллари ҳам келиб кетди...

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг Бухоро вилояти Қоракўл тумани вакили бу уйга ташриф буюрган ва уларнинг муаммолари билан қизиққан. У вилоятдан ҳокимлик вакиллари келишини, улар Дониёр билан учрашиш истагида эканлигини билдирган. Дониёрнинг онаси ўғлини ушбу учрашувга жўнатишга ҳам пул топа олмаганини айтади.

«Қишлоғимиздан туман марказигача 10 минг сўм такси пули қилишга маблағим йўқ. Аммо уларга шундай дейишга ор қилдим. Нима қилай, бор бўлса, ўз фарзандимдан қизғанмайман-ку», дейди она.

Биз Республика Ёшлар Иттифоқининг матбуот хизмати билан боғландик. Улар Қоракўл туманига «тақдимнома» жўнатганларини ва айни дамда у ердаги вазият ўрганилаётганини айтишди.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Шу билан бирга, Ёшлар иттифоқи вакили бизга шундай иддао қилди: «ҳар қандай қийинчиликда қолган иқтидорли болани оммага олиб чиқиб, бунда бизни бефарқликда айблашингиз ноўрин. Биз шахсан Президентнинг ташаббуси ва фармони билан очилган ташкилотмиз. Бизни ташкилотни омма олдида бундай обрўсизлантиришингиз нотўғри».

Ёшлар иттифоқи вакилининг гапларига нисбатан муносабатимиз шундай. Авваламбор, ташкилотлар обрў учун эмас, натижа учун курашиши керак.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонида Ёшлар иттифоқнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган шундай банд бор.

«Ёш оилалар, хусусан, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратишга қаратилган мақсадли ишларни ташкил этиш».

Ушбу устувор йўналишни унутган иттифоқ вакилларига тадбирбозликдан чекиниб, Қораун қишлоғидаги математика бўйича халқаро чемпионатлар ғолиби бўлган Дониёр Исмоиловнинг бир кулбада яшаётганидан тезроқ хабар олишни тавсия этамиз. Сиздан аввал хорижликлар Улуғбек-у, ал-Хоразмийларимизни олиб кетиб қолишмасин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар