Жанубий Кореянинг Кёнсан-Намдо вилояти Кимхе шаҳрида юз берган ёнғин оқибатида ўзбекистонлик муҳожирларнинг фарзандлари жабр кўрди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар бермоқда.
Ёнғин 20 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 19:40 атрофида, бир хонали квартиралардан иборат тўрт қаватли бинода юз берган. Бино иккинчи қаватидаги хонадонларнинг бирида етти кишидан (эр-хотин уч фарзанди билан, шунингдек, хотиннинг синглиси бир ўғли билан) иборат ўзбекистонлик оила истиқомат қилиб келган.
Ёнғин биринчи қаватдаги автотураргоҳда келиб чиққан. Квартирада фақат тўрт бола бўлган. Аксарият одамлар олов ичида қолган бинони тезда тарк этган. Улар бақир-чақир қилиб, хавф ҳақида огоҳлантирган ва ҳаммани қочишга чақирган, бироқ болалар корейс тилини билмаганлиги учун нима бўлаётганини тушунмаган ва қочишга улгурмаган.
Тўрт ёшли ўғил бола касалхонага етмай вафот этган. Унинг 14 ёшли опаси эса тиббиёт муассасасига олиб келинганидан сўнг вафот этган. 12 ва 13 ёшли яна икки ўғил боланинг аҳволи жуда оғир экани айтилмоқда.
Изоҳ (0)