Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан Самарқанд шаҳар, Буюк Ипак Йўли кўчаси 3-А уйда жойлашган савдо дўконида назорат тадбири ўтказилди. Дўкон эгаси Р.А. давлат солиқ хизмати идоралари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик суҳбатлар, огоҳлантиришлардан хулоса чиқармай белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан эркаклар кийимлари савдоси билан шуғулланиб келганлиги аниқланган. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.
«Ўтказилаётган профилактик суҳбатларда тадбиркорларга қонуний фаолият юритишлари бўйича доимий тушунтириш олиб борамиз. Аммо баъзи ‘уддабурон’ тадбиркорлар борки, ўз билганидан қолмайди. Фақат ўз фойдасини ўйлаб юрт манфаатини бир четга суриб қўяди. Давлат бюджетига ҳисса қўшишдан қочмоқчи бўлишади», — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Нурмуҳамедов.
Ўтказилган назорат текшируви давомида Р.А.га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, савдога қўйилган 9 турдаги 140 миллион 220 минг сўмлик эркаклар кийим-кечаклари вақтинчалик далилий ашё сифатида олиб қўйилди.
Изоҳ (0)