Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана муносабати билан Мудофаа вазирлигида «Тил – миллат кўзгуси» номли маърифий тадбир ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Унда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов, «Муҳаммад Юсуф» номидаги жамоат фонди раиси Назира ас-Салом, таржимон Маъсума Аҳмедова ҳамда хонанда Азиз Ражабий иштирок этди.
Тадбир давомида Афзал Рафиқов Алишер Навоий, Бобур ғазалларидан, Ҳофиз Шерозий, Фирдавсий каби буюклар ижодидан ўзбек тилига қилинган ғоятда жозибадор, оҳангдор таржималардан ўқиб берди.
Шунингдек, сўз санъати имкониятларидан унумли фойдаланган шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларнинг асарларидан ҳам намуналар келтирди. Хонанда Азиз Ражабий ижросидаги ўзбек тилининг нафис ва оҳангдорлигини, гўзаллигини ифода этувчи шеър ва ғазалларга басталанган қўшиқлари йиғилганлар олқишига сазовор бўлди.
Тадбир доирасида Мудофаа вазирлигида кўчма китоб ярмаркаси ҳам ташкил қилинди.
Бу каби тадбирлар сана муносабати билан вазирлик қўшинларида ҳам кенг ўтказилди.
Изоҳ (0)