Ўзбекистон Республикаси «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги қонунининг янги таҳрири қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тартибга солишдан иборат, деб ёзади ЎзА.
Қонунда, жумладан, божхона органларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш;
божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш;
божхона тўловларини ундириш;
божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари бузилишларининг, шу жумладан контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш;
ташқи савдо операцияларининг мониторингини амалга ошириш, экспорт-импорт шартномаларининг ижросини таҳлил қилиш, шунингдек ташқи савдо операцияларининг божхона органларига тааллуқли қисмини ўтказишда валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш;
товарларнинг ташқи савдосига доир божхона статистикасини ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатурасини юритиш;
фуқароларнинг божхона соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;
хавфни бошқариш тизими қўлланилиши самарадорлигининг мунтазам мониторингини амалга ошириш;
божхона органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назоратнинг техник воситаларини қўллаш;
божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг божхона ишига тааллуқли қисмидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш.
Шунингдек, мазкур қонуннинг янги таҳририда божхона органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилишдан иборат эканлиги таъкидланади.
Қонун ҳужжати 37 моддадан иборат.
Изоҳ (0)