Тошкентда 12 октябрь куни «Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб масалалари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус, жамоат бирлашмалари вакиллари, журналистлар иштирок этди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, хавфсизлик ва барқарорлик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича изчил ишларни амалга оширмоқда.
Мазкур тадбир ҳам минтақа мамлакатлари ўртасида фаол ижтимоий-маданий мулоқотни давом эттириш, ҳамкорликда маданий ва ижодий тадбирларни ишлаб чиқиш учун қулай мулоқот майдонини яратишга хизмат қилади. Унда таълим ва сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, халқ дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда минтақада маданий-гуманитар муносабатларни янада фаоллаштириш, дўстлик, ҳамжиҳатлик ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Миллатлараро тотувлик, минтақа бўйлаб бунёдкорлик руҳини ялпи ижтимоий ҳаракатга айлантиришга қаратилган маърузалар тингланди.
Учрашув якунида томонлар Марказий Осиё халқларининг бой тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари ва анъаналарини асраб-авайлаш, буюк олим ва мутафаккирларнинг илмий-ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича мулоқот ва маданий тадбирлар ўтказишга келишиб олди.
Изоҳ (0)