Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Тайлоқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда 4 тоннадан ортиқ рангли металларни ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
«Қашқадарё – Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланаётган С.Н. бошқарувидаги «Камаз-5320» русумли автомашина Қашқадарёдан Тошкент шаҳрига бўш ҳолда йўл олганлиги, автомашина юк хонасининг ички кўриниши бироз тор эканлиги қонун ҳимоячиларига шубҳа уйғотган.
Божхона ходимлари холислар иштирокида автомашина юк хонасини текширишганда, махсус тайёрланган ёғоч тахталар ортида 80 та полиэтилен қопларда 4 тоннадан ортиқ рангли металл парчалари борлиги аниқланди.
Текширув натижасида фуқаро С.Н. яширинча салкам 18 миллион сўмлик 1897 килограмм мис ва 2617 килограмм рух металли парчаларини ноқонуний олиб кетаётгани маълум бўлди. Рангли металл «Ўзиккиламчиранглиметалл» АЖ Самарқанд филиалига топширилди.
Маълум бўлишича, автомашина ҳайдовчиси металл парчаларини юкхонага ёғоч остига яширмоқчи бўлган.
Изоҳ (0)