Ўзбекистонда илк марта қор қоплони — илвирс болаларини учратишди, деб хабар беради «Газета.uz».
Икки илвирс боласи Ҳисор давлат қўриқхонаси ҳудудида сентябрь ойида ўтказилган қўриқлаш тадбирлари давомида топилган.
«Бу йирик йиртқичларнинг Ўзбекистон ҳудудида кўпаяётганини исботловчи илк далилдир», — дейилади Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг Facebook’даги саҳифасида.
Жониворлардан бирининг орқа оёғида ташқи кўринишидан тишлаб олинганга ўхшаш очиқ яра борлиги аниқланган. Унинг аҳволи ветеринарлар томонидан қониқарсиз деб баҳоланган. «Kun.uz»нинг ёзишича, уларнинг онаси овдан қайтмаган бўлиши мумкин.
Мушукчалар Тошкент ҳайвонот боғига реабилитацияга жўнатилган. Шундан сўнг улар ёввойи табиатга қўйиб юборилади.
Маълумот учун, Ҳисор давлат қўриқхонасига 1983 йилда асос солинган. У Марказий Осиёдаги энг катта қўриқхона бўлиб, майдони 80986,1 га тенг. У тўрт қисмга бўлинган: Ғилон, Мироқи, Танхоздарё ва Қизилсув. Қўриқхонада Ўзбекистон қизил китобига киритилган ноёб жониворлар, жумладан, Амударё гулбалиғи, болтаютар, қумой, оқ бошли қумой, қора лайлак, оқ бовур, кичик тақабурун, Туркистон силовсини яшайди.
Изоҳ (0)