Жорий йил 8-октябр куни соат 10:00 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги 2-сонли болалар юқумли касалликлар шифохонасига тумандаги 433-сонли мактабгача таълим муассасасининг 7 нафар тарбияланувчиси «Ўткир ичак диареяси» ташхиси билан ётқизилди. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида уларнинг аҳволи ҳозирда қониқарли ҳолатда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz».
Текширувлар натижасида яна 30 нафар тарбияланувчида овқатдан заҳарланиш аниқланди.
Туман Давлат санитария ва эпидемиология назорат марказининг хулосасида муассасага 2018 йил 3 август куни кўп миқдорда сариёғ маҳсулоти олиб келиниб, ҳозирги кунга қадар истеъмолда фойдаланиб келингани, таомнома бўйича иккинчи овқат учун фойдаланиладиган тефтел йўриқнома қоидаларига зид равишда тайёрлангани, эскирган ошхона жиҳозларидан фойдаланиб келингани, иккинчи музлатгич носоз ҳолда эканлиги, барча озиқ-овқат маҳсулотлари бир музлатгичда сақланаётгани кўрсатилган.
Муассасада мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари ва сувдан намуналар олиниб, экспертизага юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 8 октябрь куни Мирзо Улуғбек туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)