Наманганда ИИБ ходимига ҳужжатларни қайд этмаслик ва жиноят иши қўзғатмаслик эвазига 10 минг АҚШ доллари таклиф қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
Жорий йил 28 сентябрь куни вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Наманган шаҳрида яшовчи, 1959 йилда туғилган М.Носир бошқарувида бўлган Cobalt тўхтатилиб, текшириб кўрилганида автомашина салонида 8,0 грамм гашиш гиёҳванлик воситаси борлиги аниқланади. Тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Наманган шаҳар IIО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмасига юборилади.
1 октябрь куни Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими катта тезкор вакили вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилиб, М.Носир ушбу ҳужжатларни қайд этмаслик ва жиноят иши қўзғатмаслик эвазига 10.000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилаётганини маълум қилган.
Мазкур билдиргига асосан вилоят прокуратураси, Ўз хавфсизлиги бўлими ва ЖҚБ ходимлари иштирокида 2 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда М.Носир тезкор вакилга тегишли автомашина ичида ИИБ ходимига 9.050 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.
Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар прокуратураси томонидан 2018 йил 3 октябрь куни Жиноят кодексининг 211-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Изоҳ (0)