Олдин хабар қилинганидек, Қирғизистон пойтахти Бишкекда 13–15 сентябрь кунлари «Экстремизмга қарши онлайн кураш» мавзуида II халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи ҳамда журналистларни қўллаб-қувватловчи Internews ташкилоти томонидан Қирғизистон давлат идоралари кўмагида ўтказилган мазкур тадбирда бутун дунёдан ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар, соҳага ихтисослашган журналистлар, Марказий Осиё давлатлари делегациялари иштирок этди.
Симпозиум ташкилотчиларидан бири — Internews эксперти ва CyberSAR лойиҳаси координатори Асомиддин Атоев «Дарё» билан суҳбатда тадбирдан кўзланган мақсад, зўравонлик экстремизми, минтақадаги хавфсизлик масалалари ҳамда Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболлари хусусида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Асомиддин Атоев — тожикистонлик мутахассис, ахборот-коммуникацион технологияларда хавфсизликни таъминлаш соҳасида эксперт. Internews эксперти ва CyberSAR лойиҳаси координатори.
- Ассалому алайкум, Асомиддин ака. Танишганимдан хурсандман. Ажойиб тадбир.
- Иштирокингиз ва ёритаётганингиз учун раҳмат сизга ҳам.
- Ўқувиларимизга сизнинг минтақамизда юритадиган фаолиятингиз билан қисқача танишиш жуда қизиқ бўлади.
- Ҳозир бўлиб ўтаётган симпозиум, биз унинг иштирокчиларимиз, Марказий Осиёда зўравонлик экстремизмига онлайн қаршилик кўрсатиш масалаларига бағишланган шу турдаги иккинчи тадбирдир. Симпозиумнинг мақсади кучларни бирлаштириш, томонларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш, интернет имкониятларидан, ахборот-коммуникация технологияларидан экстремизм ва террорчиликка қарши курашишдан самарадор фойдаланишдан иборат. Бу бизнинг асосий мақсадимиз.
- Биласизми, минтақамизда доим, қарийб 30 йилдан буён экстремизм таҳдиди ҳақида гапириб келинади. Ҳозир энди онлайн экстремизм таҳдиди ҳақида гапиришяпти. Менга бир нарса қизиқ. Эксперт сифатида бунга қандай баҳо берасиз? Бу гаплар қай даражада асосли ёки асосли эмас? Яъни реал ва катта таҳдид мавжудми, йўқми? Муболағага ҳам йўл қўйиб туришадими ёки йўқ?
- Мамлакатларимизда рўй берган воқеаларга асосланадиган бўлсак, таҳдид мавжуд. Ахир зўравонлик экстремизмига ва террорчиликка олиб келувчи радикализм ҳам ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий илдизларга эга. Мамлакатларимизда бундай ижтимоий-иқтисодий муаммолар бор экан, улар ҳал қилинмаган тақдирда мана шундай радикаллашув муаммосига олиб келади.
Бугунги кунда онлайн экстремизм ҳақида ҳам гапиришимизга келсак, умуман олганда, онлайн муҳит, интернет бизнинг борлиғимизга, реаллигимизга айланиб қолган. Реал ҳаётимизда рўй берадиган ҳамма нарса кибермуҳитда ҳам акс этади. Кибермуҳит моҳиятан ҳеч қандай чегарага эга бўлмагани, мамлакатларнинг географик чегаралари у ерда акс этмаслиги боис таҳдид миқёси кенгроқ бўлиб кўринмоқда. Онлайн муҳитда акс этадиган қандайдир воқеа рўй берса, интернетдан фойдаланадиган кўплаб одамлар буни кўра олади. Яъни бундай воқеанинг потенциал кузатувчилари сони реал ҳаётдагига нисбатан бир неча баробарга ошиб кетади.
- Мени бир савол қизиқтиради. Экстремизмга қарши кураш ҳамда сўз эркинлиги, виждон эркинлигига риоя этиш ўртасидаги корреляция. Ахир минтақа мамлакатларида шундай ҳолатлар бўлган, радикализмнинг олдини олиш йўлида фуқароларнинг, айниқса диний қатламнинг баъзи ҳуқуқлари чекланган. Буни қандай мувозанатга солиш мумкин? Бунинг қандайдир йўллари, методлари, механизмлари борми?
- Халқаро меъёрларда бу принциплар кўрсатилган — мақсадга мувофиқлик ва пропорсионаллик принциплари. Минтақанинг барча мамлакатлари шу каби халқаро актларга, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо. Демак, бу принциплар диспропорсияси ёки дисбаланси мавжуд. Аслида тажриба шуни кўрсатмоқдаки, бу принципларга риоя этилиши хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Яъни бугунги кунда бир томон фойдасига танлов қилиш амалда ижобий натижа келтирмайди.
Хавфсизликни таъминлашга урғу берилса-ю, бунда инсон ҳуқуқларига риоя этилмаса, бу акс самара беради. Инсон ҳуқуқларининг бузилиши радикализмга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун, яна такрорлайман, мамлакатларимиз тегишли халқаро ҳужжатларни имзолаган ҳамда уларнинг шартларига риоя қилиниши барқарорликни таъминловчи бирламчи омил менимча. Зеро шунинг ўзи экстремизм ва террорчиликни кучсизлантириш йўлидаги самарадор превентив чоралар ҳисобланади.
- Лекин, шунга қарамай, минтақа мамлакатларида ҳуқуқ бузилиши ёки муайян чекловлар ўрнатилиши ҳолатлари кузатилади. Бу чоралар экстремизмга қарши кураш билан тушунтирилади. Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш лозим?
- Йўқ, бу муаммонинг ўзи, туб илдизига қарши эмас, унинг оқибатларига қарши курашдир. Айниқса диндор қатламнинг ташқи кўринишига оид тақиқлар, буни назоратга олишга бўлган ҳаракатлар — бунинг бари моҳиятан жўшқин фаолиятга тақлид холос. Бу ишлар муаммони ҳал қилишга эмас, музлатиб қўйишга қаратилган, негаки бунда муаммонинг илдизини қўпориб ташлаш эмас, унинг оқибатларини хаспўшлашга куч ва ресурслар сарфланади.
- Сиз, сизнинг ташкилотингиз, шу каби йирик ноҳукумат ташкилотлар ҳукуматларга бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарасизлигини тушунтириш бўйича бирор иш қиляптими?
- Фаолиятимиз доирасида асосий мақсад сифатида қонунчилик, назорат орқали ахборот-коммуникация технологияларидан шу йўлда унумли фойдаланишни белгилаганмиз. Бу ҳолатда эса реал маълумотларга эга бўлиш учун тадқиқотлар ўтказиш ҳам фаолиятимизнинг асосий йўналишларидандир. Улар орқали тегишли таҳлиллар олиб борилади ҳамда реал ҳолатга мувофиқ келувчи қарорлар қабул қилинади. Асосли қарорлар эса радикализм ва бошқа деструктив ҳаракатлар юзага келишининг илдизи бўлмиш ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда реал натижалар ҳам беради. Асосий мақадимиз асл сабабларни аниқлашдир.
- Минтақа мамлакатларининг қайсилари билан бу йўналишда ҳамкорлик қилмоқдасиз?
- Иккинчи марта ўтказилаётган симпозиум Қирғизистон хавфсизлик кенгаши кўмагида амалга оширилмоқда. Жорий йилда ташаббусга Қирғизистон хавфсизлик масалалари бўйича давлат қўмитаси, шунингдек, президент ҳузуридаги дин ишлари давлат комиссияси қўшилди. Бундан ташқари, биз минтақавий компетент органлар билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Бу — МДҲ мамлакатлари аксилтеррорчилик маркази, ШҲТ минтақавий аксилтеррор структураси. Жорий симпозиум доирасида муҳокама қилинадиган ҳамма нарса, қабул қилинадиган барча қарорлар — улар барча мамлакатларга етказилиши ва у ерда ишлатилишини тушунамиз.
Бундан ташқари, кўриб турибсиз, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг компетент органлари делегациялари ва экспертлари қатнашмоқда. Бу тажриба алмашинувига, умумий хулосалар қилинишига ёрдам беради.
- Раҳмат. Охирги саволим. Ўзбекистон охирги икки йил давомида жаҳонга очилмоқда. Биз очилмоқдамиз...
- Биз бундан жуда хурсандмиз.
- Раҳмат, биз ҳам. Аммо бу жараёнда муаммолар келиб чиқмоқда. Яъни ахборот хуружлари, қандайдир деструктив ғоялар кириб келиши билан боғлиқ таҳдидлар ёки энг камида хавотирлар келиб чиқмоқда, жамиятда баҳслар юзага келмоқда. Айримлар давом эттиришни истаса, айримлар тўхташ кераклигини уқтирмоқда, негаки, уларнинг фикрича, таҳдид жуда жиддий. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистоннинг бу борадаги истиқболлари қанақа?
- Ўзбекистон бутун дунёга намойиш қилаётган ушбу курс мустаҳкамланиши ва давом этишига, Ўзбекистон бу фаоллигини қўшни давлатларга ҳам ўтказишига тилакдошман. Биринчидан, ортга қайтиш ҳар қанақасига зиён келтиради. Жамиятнинг ўзи ҳам ХХ асрда бўлганидек статик, барқарор эмас. Ўзбекистон мисолини олсак. Аҳолининг каттагина қисми, шу жумладан, меҳнат муҳожирлари доимий равишда ёки жуда узоқ муддат мамлакат ташқарисида истиқомат қилади. Аниқ фоизларни билмадим, балки 10, балки 15 фоиз. Ҳар қанақасига, улар ҳам тенг ҳуқуқли фуқаролардир. Географик жиҳатдан мамлакат чегаралари билан кифояланадиган қарорларнинг қабул қилиниши мамлакат ташқарисидаги фуқаролар фойдасига хизмат қилмайди. Қарорлар барчанинг манфаатларини инобатга олиниши лозим.
Эльдар Асанов суҳбатлашди.
Изоҳ (0)