Бразилияда мамлакат президентлигига номзодларнинг яна бири касалхонага ётқизилди. Бу сафар Сан-Паулу касалхонасига Демократик ишчилар партиясидан кўрсатилган номзод Сиру Гомес ётқизилган. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Хабар берилишича, у пешоб пуфаги соҳасида ноқулайликни ҳис қилган. Сиёсатчининг сайлов штаби томонидан маълум қилинишича, у компьютер томографияси текширувидан ўтган. Унинг простата бези коагуляция қилинган. Жараён муваффақиятли ўтган, бироқ номзод бироз вақтни касалхонада ўтказиши керак бўлади.
Сентябрь ойининг бошида Бразилия Социал-либерал партиясидан президентликка номзод ва мамлакат парламенти депутати Жаир Болсонару касалхонага ётқизилган. У Жуис-ди-Фора шаҳрида қорнидан олган пичоқ зарбаси оқибатида касалхонага тушган ва муваффақиятли операция қилинган. Бироқ кейинроқ сиёсатчини кўнгил айниши ва бошқа операциядан кейинги ноқулайликлар безовта қилган. Шифокорлар номзоднинг ичагида тўсиқни аниқлаган ва у шошилинч равишда операция қилинган. Айни пайтда у реабилитация курсларини ўтамоқда.
Бразилия президентлиги сайлови 7 октябрь куни бўлиб ўтади. Сўров маълумотларига кўра, Болсонару сайловолди пойгасининг етакчиси ҳисобланади, унинг учун сайловчиларнинг 22 фоизи овоз беришга тайёр. Сайловда жами 13 нафар номзод иштирок этади.
Изоҳ (0)