Россиянинг Нижний Новгород вилояти Кстово туманида 14 сентябрь тонгида йўқолиб қолган икки ёшли қизалоқ шу куни кечгача онасининг овози ёзилган овозкучайтиргич ёрдамида йўқолган жойидан уч километр масофадан топилди. Бу ҳақда «Волонтёр» қидирув-қутқарув отряди командири Сергей Шухрин маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
Икки ёшли қизча 14 сентябрь тонгида Ветчак посёлкасида йўқолиб қолди. У онаси ва эгизак синглиси билан итини сайр қилдираётган эди. Қизнинг онаси қочиб кетган итга чалғиганда, у номаълум тарафга кетиб қолган.
«Биз шу заҳоти дарёлар ва йўлларга ўтиш йўлларини ёпдик, қизчанинг онаси овозини овозкучайтиргичга ёзиб, уни ишга туширдик. Онасининг овозини эшитган қизалоқ баланд ўтлар орасида кўринмай қолган даладан чиқди», — дея ҳикоя қилади Шухрин.
«Қизалоқ тирик ва соғ-саломат, у онасига топширилди», — дейди волонтёр.
У болани қидириш учун 200 дан ортиқ одам — волонтёрлар, полиция ва тергов қўмитаси ходимлари ва маҳаллий аҳоли тўпланганлигини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)