Америка давлатлари ташкилоти бош котиби Луис Альмагро Венесуэлага ҳарбий бостириб кириш эҳтимоли борлигини инкор этмаслигини маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости».
«Николас Мадурони ағдариш учун ҳарбий ҳужумга келсак, биз ҳеч қандай вариантни истисно қилмаслигимиз керак», — дейди Альмагро.
Альмагро бу ҳақда Колумбиянинг Венесуэла билан чегарадош Кукута шаҳрида айтган. Америка давлатлари ташкилоти раҳбари у ерга Венесуэладан ўтаётган қочоқлар билан боғлиқ ҳолатни ўрганишга борган.
Альмагронинг сўзларига кўра, Кукутадаги вазият «Венесуэла диктатурасининг ёлғончилиги»ни кўрсатади.
БМТ ҳозирда 2,3 миллион киши Венесуэладан қочиб кетганини маълум қилган. Колумбиянинг ўзида уларнинг сони миллиондан ошади.
Изоҳ (0)