Тошкент ҳарбий округига қаршли Ангрен дала ўқув майдонида танкларни тоғли ҳудудларда бошқариш, шунингдек, танк қуролларидан отиш машқларини бажаришда таржибани оширишга хизмат қиладиган навбатдаги амалий машғулотлар ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ўқув нуқтаси раҳбари подполковник Абдурашид Эргашевнинг таъкидлашича, ўқув машғулотлари биринчи навбатда ҳарбий хизматчиларнинг тактик ва жанговар тайёргарлигини оширишга хизмат қилади.
Ушбу дала ўқув майдонида кузатув пункти жойлашган бўлиб, бу ердан машғулот жараёни қай йўсинда кетаётганини бемалол кузатиш мумкин. Maxсус қазилган окоплар ичига маскировка қилинган бир жуфт Т-62 танклари ёрдамида ҳақиқий жанговар снарядлар орқали нишонлар яксон қилинди.
Мазкур машғулот тайёргарлиги дастурига ўзгартириш киритилган бўлиб, унга кўра аксарият машқлар юқори нуқталарда жойлашган нишонларни яксон қилиш билан амалга оширилди. Бу эса ўз навбатида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик даражасини оширишга хизмат қиляпти.
«Бешта нишонни яксон қилиш вазифаси қўйилган эди. Дастлабки иккитаси – тоғли ҳудудда жойлашган шартли душманнинг ҳарбий техникасини йўқ қилиш бўлса, қолганлари ердаги нишонлар — ҳаракатланиб келаётган эҳтимолий душман пиёдалар гуруҳини пулемётлар ёрдамида ўққа тутиш. Барча машқлар аъло дажарада бажарилди», — дейди танк командири кичик сержант Абдулазиз Ғаниев.
Изоҳ (0)