Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 3 сентябрь куни мисрлик таниқли олимлар Аҳмад Тарабик, Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ ва Магда Махлуф муаллифлигидаги Ўзбекистон тарихи ва бой маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар тақдимоти ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Унда мисрлик олимлар, шунингдек, ЎзФА илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, тадқиқотчилар қатнашди.
Аҳмад Тарабик Қоҳира университетининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича етакчи мутахассиси сифатида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлардан яхши хабардор. Аҳмад Тарабикнинг «Ўзбекистон: ислом тамаддуни манбаи» китобида мамлакат тарихи, маданияти, илм-фан ривожи ҳақида ҳикоя қилинади.
Мазкур китоб 2017 йили Мисрда араб тилида чоп этилган. Ушбу фундаментал тадқиқот икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Ўзбекистон тарихи, географик жойлашуви, иқтисодиёти, аҳолиси, тили, араб дунёси билан тарихий алоқалари, шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Хоразм ва Насаф шаҳарлари ҳақида маълумотлар келтирилади. Ислом тамаддуни ривожига ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар тилга олинган иккинчи қисмдан Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий, Маҳмуд аз-Замахшарий каби кўплаб алломалар ҳаётига оид маълумотлар ўрин олган.
Мисрлик тарихчи, археолог олим Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризқ ҳам ўз ҳаётини Шарқ диёри, хусусан, Ўзбекистон номоддий маданий меросини тадқиқ қилишга бағишлаган. Тадбирда муаллифнинг 2017 йилда нашрдан чиққан «Ёдгорликлар ва Бухоро ислом маданияти» номли икки жилдли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китоб ўн йиллик изланишларнинг маҳсули сифатида яратилган.
Икки бўлимдан иборат асарнинг биринчи қисмида Бухоро маданий ёдгорликлари, диний тамойил ва мазҳаблар ҳақида батафсил ҳикоя қилинса, маданий ёдгорликлардаги ёзувлар, деворий тасвирлар ва нақшлар бўйича изланишлар баёни асосий бўлимдан ўрин олган.
Таниқли олима Магда Махлуф туркий тилдан таржима қилган «Бобурнома» 20 йиллик меҳнат самараси ўлароқ, араб тилида чоп этилди.
Таъкидланганидек, китоб Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон халқларининг XV-ХВИ асрга оид тарихий-этнографик, адабий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни жамлаган. Буюк давлат арбоби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур фаолияти ҳақида кўплаб маълумот беради.
Тақдимотда китобларнинг Марказий Осиёдан етишиб чиққан қомусий олимларнинг дунё илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини очиб беришдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Изоҳ (0)