Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси яна бир марта Британияни халқаро қонунчиликка риоя қилиш ва Россияга Сергей ва Юлия Скрипал билан боғлиқ ҳодиса ҳақидаги барча мавжуд маълумотларни тақдим этишга чақирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Солсберидаги ҳодисанинг суриштирув жараёни ҳақида бирор-бир расмий ахборотнинг мавжуд эмаслиги сабабли Британия ОАВлари кўп сонли миш-мишларни чоп этишда давом этмоқда. Уларни текшириш имконсиз… Британия расмийларини яна бир марта ўз халқаро мажбуриятларига амал қилиш ва ҳодиса ҳақидаги барча мавжуд маълумотларни Россияга тақдим этиш, шунингдек, россиялик экспертлар иштирокидаги транспарент суриштирувни йўлга қўйишга чақирамиз», — деди элчихона матбуот котиби журналистларга.
Дипломат Британия ОАВларига изоҳлар суриштирув жараёни билан таниш ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари томонидан эмас, бунга заррача алоқаси бўлмаган шахслар томонидан берилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)