Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида янги туғилган чақалоқ кўчага ташлаб кетилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар берди.
Воқеа 2024 йил 15 январь куни тонгги соат 7:30 ларда туманнинг “Зарбдор” маҳалласида содир бўлган. Ишга кетаётган йўловчилардан бири сумкани кўриб қолган ва уни сут сотувчиларники деб ўйлаган. Бироқ сумка қимирлаган ва унда чақалоқ йиғиси эшитилган. Фуқаро бу ҳақда 102 га қўнғироқ қилиб хабар берган.
Воқеа жойига тезкор етиб келган профилактика инспектори чақалоқни текшириб, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Етиб келган шифокорларнинг сўзларига кўра, чақалоқ топиб олинганида унинг туғилганига тахминан 1 сутка бўлган. Унинг киндиги ҳам ноодатий усулда кесилган. Болага биринчи ёрдам кўрсатилгандан сўнг 12-сонли шаҳар шифохонасига олиб борилган.
Айни пайтда чақалоқ шифокорлар назоратида. Унинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.
Ҳолат юзасидан Янгиҳаёт тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)