Бугун, 27 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Президент девони ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда бир қатор ташкилий масалалар кўрилди. Жумладан, яна бир бор мажлисбозликларга барҳам бериш ҳақида гапирилди, деб ёзади «Kun.uz».
Президент мажлислар вақтини ҳам камайтириш бўйича топшириқ берган — мажлислар вақти 1,5 соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Куннинг ноқулай пайтларида, тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказиш қатъиян чекланиб, йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва ходимлари, фермер ва тадбиркорлар умуман таклиф этилмайди.
Шунингдек, мансабдор шахслар энди шанба куни соат 17:00 гача ишлаб, якшанба куни ишга чиқмайди.
Президент давлат мансабдорлари якшанба кунларида дам олиб, вақтини оиласи билан ўтказиши лозимлигини айтиб ўтган.
Бундан олдинроқ йиғилиш давомида президент девони тузилмасида жиддий ўзгаришлар рўй бергани, Хайриддин Султонов ва Қаҳрамон Қуронбоев давлат маслаҳатчиси лавозимини тарк этгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)