Россиянинг Минеральние води шаҳри аэропортида божхона ходимлари 40 жуфт махсини олиб ўтаётган Ўзбекистон фуқаросини тўхтатди.
Яшил йўлакдан ўтаётган фуқаро қўл юклари орасида 40 жуфт декларацияда кўрсатилмаган маҳсулот — ўзбек миллий услубида тикилган махсилар борлиги аниқланди. Ноқонуний юкнинг вазни 16 килограммни ташкил этди.
Шимолий Кавказ республикаларидан бирининг пойтахтида ошпаз бўлиб ишлайдиган йигит махсиларни ўзи меҳнат қиладиган қаҳвахона эгаси буюртмасига кўра олиб келганини билдирган.
Айни пайтда Ўзбекистон фуқаросига нисбатан маъмурий қонунбузарлик иши қўзғатилган ва у жаримага тортилиши кутилмоқда. 40 жуфт махси эса аэропорт божхонасининг сақлаш камерасида сақланмоқда.
Маълумот учун, Россия ҳудудига шахсий эҳтиёждан ортиқча бўлган миқдорда (тижорат мақсадида) товарлар, шунингдек, сертификатга эга бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва носвой олиб келиш таъқиқланади.
Изоҳ (0)