Украина пойтахти Киев шаҳрида ўғрилик ҳақида ёлғон маълумот берган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.
Таъкидланишича, 36 ёшли киевлик эркак полицияга ўғрилик ҳақидаги хабар билан мурожаат қилган. Эркакнинг полицияга маълум қилишича, унга кўчада икки номаълум киши учраган ва ичида 200 минг гривен бўлган сумкасини қўлидан тортиб олган. Унинг сўзларига кўра, нақд пуллар у ишлайдиган суғурта компаниясига тегишли бўлган.
Полиция жиноий иш очган. Бироқ тергов вақтида эркакнинг кўрсатмаларида чалкашликлар кузатилган. Аниқланишича, эркак компания пулларини ўзлаштириш мақсадида жиноятни ўзи ўйлаб топган.
Ёлғон маълумот берганлик учун эркакка нисбатан иш очилган. У икки йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Изоҳ (0)