Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сухроб Холмуродов Ўзбекистон—Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссияси 11-мажлиси очилишида чиқиш қила туриб, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини кенгайтириш имкониятларини санаб ўтди, деб ёзади «Газета.uz».
2017 йил якунларига кўра, товар айланмаси 323,6 миллион доллар, шу жумладан экспорт — 32,5 миллион доллар, импорт — 291,1 миллион долларни ташкил этди.
«Ўзбекистон корхоналари Ҳиндистонга уран концентрати, рангли ва нодир металлари, шунингдек, кабел-узатиш маҳсулотлари, полиэтилен ва полипропилен, кимёвий маҳсулотлар, минерал ўғитлар, сарҳил ва қайта ишланган мева-сабзавотларни тўғридан-тўғри етказишни кенгайтиришга тайёр», — деди Сухроб Холмуродов.
У томонларда товар айланмаси ҳажмини яқин истиқболда 1 миллиард долларга етказиш учун зарур шарт-шароит мавжуд эканлигини таъкидлади.
«Ҳиндистонга мазкур сифатли маҳсулотларни тўғридан-тўғри етказиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ҳиндистон томонидан ўзбек мева-сабзавот маҳсулотлари учун божхона тўловларини пасайтириш, шунингдек, ўзбек моши импортининг бирламчи босқичида 50 минг тоннагача ҳажмда квоталар тақдим этиш имкониятини кўриб чиқишни сўраймиз», — деди у.
Бундан ташқари, ўзбек томони ўзаро товар айланмаси ҳажмини ошириш учун Ҳиндистонга икки мамлакат ўртасида преференциал савдо тўғрисидаги келишувни тайёрлаш ва имзолаш масаласини ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.
Изоҳ (0)