Гурлан туманидаги 2-сонли умумтаълим мактаби директори А.Жуманов бахсус баённома билан мактабнинг бир гуруҳ техник ходимлари: фаррош ва қоровулларни бу ерда бошлаб юборилган жорий таъмирлаш юмушларига жалб қилди. Бу ҳақда Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Машарипов «Инсон ва қонун» газетасига маълум қилди.
Директор бу иш мамлакатнинг амалдаги ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлари талабларига зид эканлигини билса-да, ниятидан қайтмади. Натижада хизмат вазифаси мактаб озодалигини таъминлаш, чор-атрофни супуриб-сидириш ҳамда ҳудудни қўриқлашдан иборат бўлган 10 га яқин ходим хизмат йўриқномасида белгиланган юмушлар бир четда қолиб, уларга дахли бўлмаган жорий таъмирлаш ишлари майдонига йўл олди.
Директорнинг қонунга зид ҳаракати тез орада ошкор бўлди. Қонунга зид номақбул ҳужжат ўз кучини йўқотди.
А.Жуманов ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини поймол этгани, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасида ифодасини топган қоидаларга хилоф равишда иш тутгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилди.
Изоҳ (0)