Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакат аҳолиси учун ёқилғига давлат субсидиялари жорий қилинган ҳолда, мамлакатда бензинга нисбатан бозор нархлари ўрнатилишини маълум қилди, деб ёзади Spot.
Давлат раҳбари ёқилғи нархлари халқаро даражагача кўтарилишини тасдиқлади. Бу Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларига бензин контрабандаси олдини олиш учун қилинади.
«Бензин контрабандасига чек қўйишнинг ягона усули — ўз нархларимизни халқаро нархларга етказиб, бизнинг маҳсулотимизни Колумбия ва Кариб ҳавзасига олиб ўтадиган мафия устидан ғалаба қозониш, шу сабабли мен венесуэлаликлар учун тўғридан-тўғри субсидиялар киритилишини маъқуллайман», — деди Мадуро.
Бунгача Венесуэлада бензин ишлаб чиқарувчилари ва сотувчилари учун субсидиялар тизими амал қилар эди, шу сабабли мамлакатда ёқилғи нархлари дунёдаги энг пастларидан бири эди. Шу билан бирга, ҳукумат бензин нархлари кескин ошиб кетишига йўл қўймас эди, натижада нарх йиллар давомида ўзгаришсиз сақланар эди.
2018 йилнинг 13 августи ҳолатига кўра, Венесуэлада бензин нархи 1 литр учун қарийб 1 сентни ташкил қилган.
Аввалги тизимдан фарқли ўлароқ, энди Венесуэла ҳукумати ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин учун паст нархларни кафолатлашдан воз кечиб, бунинг ўрнига аҳоли учун ёқилғига харажатлар компенсациясига ўтмоқчи.
Бензинга тўғридан-тўғри субсидияларни «миллий карта» деб аталувчи идентификация ҳужжатига эга бўлган шахслар олиши мумкин. Бунда мамлакат ҳукумати томонидан олиб борилган автотранспортни рўйхатга олиш чоғида автомобилни рўйхатдан ўтказганларгина пулни қўлга киритиши мумкин.
Изоҳ (0)