Ўзбекистонда жорий йил 10 августидан 10 сентябригача жами 1325 та манзилда мактаб ярмаркалари ташкил этилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мактаб ярмаркаларининг 931 таси мактаблар, 293 таси бозорлар ҳудуди ва атрофлари, 528 таси йирик савдо комплекслари ва дўконларда очилиши режалаштирилган.
Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви ташкил этилади. Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган.
Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, «Ўзчармсаноат» уюшмаси, «Ўздавкитобсавдотаъминоти», «Шарқ» компанияси ва «Шарқ зиёкори» МЧЖ етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Маҳаллий ҳокимликлар Рақобатни ривожлантириш қўмитаси билан биргаликда мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини ҳамда уларнинг сифатини назорат қилади.
Мактаб ярмаркаларида сотиладиган маҳсулотлар нарх-наволарининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилган.
Изоҳ (0)