Жанубий Судан президенти Салва Киир ҳамда қўзғолончилар етакчиси, собиқ вице-президент Риек Машар Тени урушни тўхтатиш ва ваколатларни бўлишиш ҳақида якуний келишувни имзолади. Бу ҳақда Reuters’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Жанубий Судан президенти сифатида бугун имзоланган келишув мамлакатимиздаги уруш ва низоларга барҳам бериши керак», — дея президент маълум қилган.
Киир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хавфсизлик кенгашида мамлакатдаги муаммоларни муҳокама қилишни таклиф қилди.
25 июль куни томонлар урушни тўхтатиш тўғрисида дастлабки келишувни имзолаган. Унга кўра, Риек Машар Тени мамлакат вице-президенти лавозимига тикланган.
2011 йили Судандан ажралиб чиққан Жанубий Судан 2013 йилдан буён фуқаролик уруши ҳолатидадир. Президент Салва Киир бошчилигида ҳокимият тепасида турган динка қабиласи вакиллари мухолифатга қарши олиб бораётган уруш оқибатида 2 миллиондан ортиқ одам мажбурий кўчган шахсларга айланди.
2015 йилнинг август ойида Киир ва Машар тинчлик келишувини имзолаган. 2015 йилнинг январь ойидан бошлаб улар миллий ҳукумат тузишга келишган. 28 апрель куни президент ҳукуматнинг янги таркибини эълон қилган. 8 июль куни эса мамлакат президенти Салва Киир тарафдорлари ва Риек Машарни қўллаб-қувватловчи собиқ исёнчилар ўртасида тартибсизликлар келиб чиққан.
2016 йил августда президент ва вице-президент тарафдорлари ўртасидаги жанглар қайта бошланган. Ҳукумат тарафдори бўлган кучлар 114 нафар фуқарони ўлдирган. 60 минг киши Жанубий Судандан қочиб кетган. Жумладан, вице-президент Риек Машар мамлакатни тарк этган.
2017 йили уч мингдан ортиқ киши мамлакатдаги тартибсизликлар сабаб Угандага қочган.
Изоҳ (0)