Июль ойида Россияда Ravon брендидаги бирорта ҳам автомобиль сотилмади. Европа бизнес ассоциацияси маълумотлари бу ҳақда гувоҳлик беради, деб ёзади Spot.
2017 йилнинг июль ойида GM Uzbekistan Россияда 1 275 та автомобиль сотган эди, бироқ 2018 йилда Ravon автомобиллари май ойидаёқ аксарият дилерлик марказларидан ғойиб бўлди.
Май ойида GM Uzbekistan атиги 508 та автомобиль сотди, ваҳоланки 2017 йилнинг майида бу кўрсаткич 1 219 тани ташкил этган. Бундан ташқари, компания июнь ойида бирорта ҳам автомобиль сотмади.
Автомобильлар танқислиги сабаблари камида иккита — Россия бозори учун нархларнинг қайта кўриб чиқилиши ва компания бизнес-моделининг сезиларли даражада ўзгартирилиши.
«Нархларнинг қайта кўриб чиқилиши Россия ва Ўзбекистон миллий валюталари курсларининг ўзгариши ва Россияда утилизация йиғимлари ставкаларининг ошиши билан боғлиқ. Бизнес-моделнинг ўзгартирилиши ребрендинг ва янгиланган моделлар линиясининг чиқарилиши билан бирга кечди ва Ravon бренди ривожланиши билан бирга давом этмоқда», — дейилади Ravon Motors Rus/GM Uzbekistan хабарида.
Июль ойи охирида Ravon автомобиллари Россияда кескин қимматлашганлиги маълум бўлди — R2 ва Nexia седан эндиликда аввалгига нисбатан 50 минг рублга, Gentra седани эса 20 минг рублга қиммат.
Изоҳ (0)