Самарқанд вилоят ҳокимлиги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, Ички ишлар бошқармаси ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан хамкорликда «Ёшлар тарбияси — порлоқ келажак меваси» мавзуидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида 536 нафар вояга етмаган бола турли кўринишдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун профилактик ҳисобга олинган. Уларни тўғри йўлга, соғлом муҳитга қайтариш мақсадида мунтазам равишда профилактик тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда.
24–26 июль кунлари ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар, кам таъминланган ҳамда нотинч оилаларнинг 360 фарзанди учун Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари, табаррук қадамжолари, музей ва маданият масканлари бўйлаб саёҳат уюштирилди.
Тадбирлар якунида намунали хулқи, одоби билан бошқалардан ажралиб турган, турли танловларда фаол иштирок этган 93 ўқувчига ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқлар топширилди. Фахрий ёрлиқ соҳиби бўлган болалар Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида ички ишлар органларидан профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Изоҳ (0)