Оқ Уй Дональд Трамп ва хорижий давлатлар президентлари ўртасидаги телефон қўнғироқлари ҳақида ҳисобот бериш тартибини бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда, CNN’га таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Авваллари олий даражадаги телефон қўнғироқларидан кейин қисқа расмий баёнотлар берилган. Баёнотда қўнғироқ амалга оширилгани тўғрисидаги хабардан ташқари, суҳбат давомида муҳокама қилинган асосий мавзулар айтиб ўтилган.
CNN’нинг маълум қилишича, июнь ойининг ўрталарида Оқ Уй Трампнинг Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан телефон қўнғироғи бўйича ҳисобот берганидан кейин ҳеч қандай баёнот эълон қилмаган. Телефон орқали Трамп Орбанни қайта сайлангани билан табриклаган.
Телеканал маълумотларига қараганда, сўнгги икки ҳафта давомида Трамп камида иккита мамлакат етакчиси (Туркия президенти ва Исроил бош вазири) билан телефон орқали мулоқот қилган. Телефон қўнғироқлари ҳақида хориж ОАВ хабар топганидан кейин маълумот Оқ Уй вакиллари томонидан ҳам тасдиқланган. Бироқ шундан кейин ҳам АҚШ телефон қўнғироқлари бўйича расмий баёнот эълон қилмаган ва бу борада маълумот беришдан бош тортган.
Оқ Уй АҚШ президентининг телефон қўнғироқлари баёнотларини эълон қилишни тўхтатиши вақтинчаликми ёки йўқ — ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай маълумот берилмаган. Шунга қарамасдан, бундай мулоқотлар ҳақидаги ҳисоботлар Оқ Уй ва бошқа давлат идоралари ходимлари ўртасида ички фойдаланиш учун тарқатилади.
Изоҳ (0)