Корея ахборот жамиятини ривожлантириш институти (КISDI), Корея кичик бизнес институти (КОSBI) ва Глобал тадбиркорлик фонди (GEF) мутахассисларидан иборат делегация Тошкентга келди. Бу ҳақда Mirzo Ulugbek Innovation Center хабар бермоқда. Ташрифдан мақсад – Ўзбекистонда стартаплар экотизимини ва дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш.
Дастурдан Корея Республикаси элчихонасида, ЎзР Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида, MUIC инновация марказида учрашувлар ўрин олган.
Шунингдек, кореялик экспертлар «Ўзбекистонда АКТ-стартаплар ва дастурий маҳсулотлар бозорини ривожлантириш сиёсати» мавзуида амалий семинар ўтказади. У Инҳа университетида 24 июль куни бўлиб ўтади. Иштирокчилар орасида – АКТ вазирлиги, Mirzo Ulugbek Innovation Center, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази, «UZINFOCOM» ягона интегратори, «UNICON.UZ» маркази, Инҳа ва ТАТУ университетлари вакиллари мавжуд.
Семинарда таклиф этилган мутахассислар Корея Республикасининг стартаплар экотизими ривожланишидаги тажрибаси ва ушбу жараённи Ўзбекистонда имкони борича самарали ташкил этиш борасида ўз қарашлари билан ўртоқлашади.
Қайд этиш жоизки, бу KISDI экспертларининг Ўзбекистонга биринчи ташрифи эмас. Жорий йил бошида делегация илк бор Ўзбекистонга ташриф буюриб, IT соҳасидаги давлат сиёсати, яратилган шарт-шароитлар ва инфратузилма билан танишганди. Шундан кейин АКТ вазирлиги ва MUIC ходимлари Корея Республикасида жавоб ташрифи билан бўлди. Улар Сеулдаги KISDI компанияси офисига ташриф буюрди, шунингдек энг муваффақиятли стартап-компанияларга борди. Бу галги ташриф давомида ўтадиган учрашувлардан бири ўша сафар таассуротларини муҳокама қилишга бағишланади. Томонлар IT-соҳа ҳолатидаги сифат ўзгаришлари, стартаплар экотизимларини яратиш ва ривожлантириш бўйича таклифлар билан алмашади, шунингдек бу йўналишда ишлаш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга киришади.
Изоҳ (0)