Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ходими қамоқда очлик эълон қилган Маъруфжон Шакаров билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ консуллик-ҳуқуқий департаменти расмий баёнот берди.
«18 июль куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ходими Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаровга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Москва шаҳридаги Жазони ижро этиш федерал хизматининг 1-тергов изоляторига (СИЗО-1) ташриф буюрди», — дейилади хабарда.
Учрашув чоғида М. Шакаров соғлигидан шикоят қилмади. Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат ўтказмоқда, врач тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас.
СИЗО-1 раҳбарияти берган изоҳга кўра, агар М. Шакаров очлик ҳолатини тўхтатса, соғлигини тиклаши учун тиббий бўлимга жойлаштирилади.
Олдинроқ элчихона Шакаровга консуллик-ҳуқуқий ёрдамини кўрсатаётганини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)