14 июль куни «Самарқанд аэропорт» чегара божхона пости ходимлари томонидан «Санкт-Петербург—Самарқанд» йўналишида Самарқанд шаҳрига учиб келган фуқаро Н.С. «яшил» йўлакни танлаб божхона назоратидан ўтаётганда, унга тегишли бўлган багаж ва қўл юкларида шубҳали буюмлар борлиги сабабли божхона назоратидан ўтказилганда унинг багаж сумкаси ичидан оқ рангли Хитойда ишлаб чиқарилган SЕ1797 серия рақамли Квадрокоптер SYMA X8SW Drone номли 2 (икки) дона учувчисиз учиш аппаратини яширин равишда олиб киришга уринишини фош қилинди. Бу ҳақида «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар берди.
Вилоят божхона бошқармаси берган маълумотга кўра мазкур учиш аппаратларининг техник таснифи ўрганилганда самода 70 метр баландликка кўтарилиб тасвирга олиши, Wi-Fi орқали смартфон телефонларда тасвирни тўғридан-тўғри кўриш имконияти мавжудлиги маълум бўлди.
Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, фақатгина Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 150-сон қарори билан зарурат туғилган ҳолларда айрим ташкилотлар мазкур қурилмаларни Ўзбекистонга олиб кириш, реализация қилиш ва фойдаланишига рухсат берилган.
Изоҳ (0)