Термиз шаҳридаги Жайҳун маҳалласида «Bio Texno Eco» масъулияти чекланган жамияти томонидан дастлабки чиқинди йиғиш маркази – «Биошохобча» фойдаланишга топширилди, деб хабар беради ЎзА.
Айни пайтда корхонада Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидаги маиший чиқиндилар тўпланиб, сараланмоқда. Бунинг учун чиқинди ташийдиган 90 дан ортиқ автотранспорт воситаси жалб этилган. Келгусида қайта ишланган шиша чиқиндисидан мозаика ва плиткалар, фойдаланилган пластмассадан полиэтилен қувурлар, ёғоч чиқиндисидан брикет, қоғоз чиқиндисидан картон ва қайта ишланган қоғоз, озиқ-овқат чиқиндисидан биогаз ва биогумис ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.«Биошохобча» бир кеча-кундузда 6 минг 500 тонна маиший чиқиндини қабул қилиш қувватига эга. У маҳалладаги 970 хонадон, 12 умумий овқатланиш ва 21 маиший хизмат кўрсатиш нуқтасидаги чиқиндиларни тўплашга мўлжалланган. Тўрт киши меҳнат қиладиган янги иншоотга видеокузатув мосламалари ўрнатилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Термиз шаҳрида яна 20 та ана шундай чиқинди йиғиш маркази барпо этилади. Термиз ва Ангор туманларида ҳам замонавий «Биошохобча»лар қад ростлайди. Қурилиш чиқиндисини объектнинг ўзидан олиб кетиш учун махсус қоплар тарқатиш жорий этилади.
Тадбир якунида ҳудудларда «Тоза шаҳар» шиори остида тарғибот ишлари олиб бораётган ва экологик озодаликни назорат қиладиган бир гуруҳ ходимларга Damas русумли янги хизмат автомашиналари топширилди.
Изоҳ (0)