3 июль, сешанба куни Финляндия шимолида енгил самолёт ҳалокатга учради. Бу ҳақда Yle телекомпаниясига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Самолёт Рованиеми шаҳрида аэропортдан тахминан бир километр узоқликда қулаб тушган. Қутқарув хизматлари маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан кейин воқеа жойига чақирилган.
Kaleva газетасининг полициядан олган маълумотларига қараганда, самолётда 2 та йўловчи бўлган, уларнинг иккаласи ҳам самолётдан чиқишга муваффақ бўлган. Ilta-Sanomat газетасининг маълумотларига қараганда, йўловчилардан бири жароҳат олган, лекин унинг жароҳатлари жиддий эмас. Самолёт ўрмонга қўнган ва ёниб кетган.
Воқеа жойида бир нечта қутқарув гуруҳлари иш олиб бормоқда. Ҳалокат сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Iltalehti газетасининг маълумотларига қараганда, самолёт Финляндия мудофаа кучлариники бўлган.
Изоҳ (0)