Журналистлар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар учун реабилитация марказига ташриф буюрганлиги ҳақидаги хабардан сўнг Марказдаги одамларга қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги кўплаб мурожаатларни қабул қилдик, деб ёзади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот маркази.
Бошпана ва яшаш воситаларига эга бўлмаган кишиларни нормал ҳаёт тарзига қайтариш учун ҳақиқатда ҳар томонлама ёрдам зарур. Булар ишга жойлашишга кўмаклашиш, маънавий ва руҳий қўллаб-қувватлашдир. Марказда оммавий-маданий тадбирлар — концертлар, адабий кечалар, мини-спектакллар, шунингдек, психологик тренинглар ўтказишга тайёр ташаббускорлар бўлса, Тошкент шаҳри ИИББ уларга ана шундай имкониятни тақдим этишдан хурсанд эканлигини маълум қилади.
Реабилитация маркази, шунингдек, бу ердаги одамлар учун янги ёки кийилган, бироқ яхши ҳолатдаги эркаклар ва аёллар кийимлари, гигиена воситалари (совун, шампун, кир ювиш кукуни, тиш пастаси, тароқ, сочиқ), узоқ вақт сақлаш мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари (крупалар, туз, шакар, ўсимлик ёғи ва ҳ.о.), ҳордиқ чиқаришни ташкил этиш учун — стол ўйинлари, китоблар қабул қилади.
Марказ манзили: Тошкент шаҳри, Яшнабод тумани, Чашма кўчаси, 3-уй.
Қуйидаги рақамлар орқали мурожаат қилиш мумкин: 366-01-01; 290-04-75.
Изоҳ (0)