ЎзА Миллий ахборот агентлиги асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг муваффақиятига эришиш тарихи ҳақидаги мақоланинг 3-қисмини эълон қилди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.
Bloomberg нашриёти 2012 йилнинг март ойида Алишер Усмоновни Россиянинг энг бадавлат кишиси, деб эълон қилди. Шу пайтда унинг 20 миллиард АҚШ долларлик мол-дунёси бор эди. Bloomberg Markets журнали 2013 йили Алишер Усмоновни дунёнинг беш нафар энг машҳур бизнес кишилари қаторига қўшди.
Алишер Усмонов кўп жойларда ишлади, турли вазифаларни бажарди, тинмади. 1997 йили йирик инвестиция лойиҳаларини жорий этиш бўйича махсус тузилган ПAО «Газпром»нинг шўъба (дочерняя) компаниясида 15 йил бош директор бўлиб хизмат қилди. Ва ниҳоят, таркибида «Металлоинвест» холдинги, «МегаФон» ва «Скартел» алоқа операторлари, интернет-бозоридаги рус сегментининг лидери бўлган Mail.Ru Group, Disney Russia, «МУЗ-ТВ» ва «Ю» телеканалларини бирлаштириб ўзининг номидаги USM Holdings компаниясига асос солди.
Алишер Усмонов Россиядаги бағри кенг, қўли ҳам, кўнгли ҳам очиқ ҳомийлардан бири ҳисобланади. 2007 йили Лондондаги машҳур Sotheby’s аукционида сотилиш арафасида турган машҳур созанда Мстислав Ростропович билан унинг рафиқаси, опера қўшиқчиси Галина Вишневскаянинг умумий баҳоси 111 миллион 750 минг доллар қийматга эга бўлган 450 лотли коллекциясини харид қилиб олиб Россия давлатига ҳадя этди. 2007 йили Американинг Олег Видовга қарашли Films by Jove, Inc. компаниясидан собиқ Иттифоқ даврида қандайдир йўллар билан хорижга кетиб қолган совет мультфильмларига бўлган ҳуқуқини тўлалигича сотиб олади ва Россиянинг «Бибигон» болалар телеканалига ҳадя қилади.
Алишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» Фонди Франс Хальс чизган «Марк евангелист» картинасини сотиб олиб бир вақтлар чет элга олиб кетилган бу машҳур тасвирий санъат асарини Москвадаги Пушкин номли тасвирий санъат давлат музейига қайтариб берди.
Алишер Усмонов Россия футболи ва футбол ўйинчиларининг ҳам катта ишқибози, шинавандаси, ҳомийси. 2015 йил у Россия футбол уюшмасига 1 миллард рубллик беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатди. Ундан бироз илгари Россия футбол уюшмасига 400 миллион рубль ўтказиб, терма команданинг аввалги тренери Фабио Капеллога қарз бўлиб қолган 8 ойлик иш ҳақини тўлаб берган эди.
Алишер Усмонов 10 йилдан буён (2008 й.) қиличбозлик бўйича Халқаро федерация президенти. 2014 йил Сочида ўтган XXII қишки Олимпия ўйинлари ва XI Паралимпия ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш Кенгашининг аъзоси, Россия олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш васийлик Кенгашининг ҳам аъзосидир.
Тошкентда қиличбозлик секциясига қатнашиб юрган кезлари Алишер бадиий гимнастика бўйича олимпия чемпиони Ирина Виннер билан танишиб қолади. Кейин кўпчиликка маълум бўлишича, суд, қамоқ, айрилиқ... Қамоқда ўтирган пайтида Алишер Иринага бўлган қалбидаги ҳиссиёт оддий бир ҳавас эмас ҳақиқий муҳаббат эканлигини англайди. Ўзи шахсан учрашиб меҳр-муҳаббатини изҳор қилишга имкони бўлмаган Алишер 1980 йили қамоқда туриб яхши кўрган маҳбубаси Ирина Виннерга чиройли гулли рўмолча жўнатади. Бу қадимги урф-одатга кўра йигит кўнглидаги аёл билан турмуш қуриш нияти борлигидан далолат берар эди. Ирина буни қалбан ҳис этади ва ўзи кутаётган воқеа содир бўлаётганини сезиб рози бўлади. Бу машаққатли оғир айрилиқ йиллари кўнгли ўксик Алишернинг ягона таянчи Ирина Виннер бўлди. Улар доимо мактуб ёзишиб, арз-у додларини айтиб бир бирини юпатишар эди. Алишер билан Ирина қамоқдан чиққандан кейин никоҳдан ўтишди. Шундай қилиб 1992 йили қиличбозлик устаси Алишер билан Олимпия чемпиони Ирина Виннернинг тўйи бўлиб ўтади.
Спортдан чиққан Усмоновлар оиласи мана ҳозир ҳам катта спорт ишлари билан машғул. Алишер Усмонов қиличбозлик бўйича Халқаро Федерация Президенти бўлса, турмуш ўртоғи Ирина Виннер бадиий гимнастика бўйича Халқаро Федерация Президенти ва Бадиий гимнастика бўйича Халқаро Федерацияси техника қўмитасининг вице-Президентидир.
2016 йили 12,5 миллиардлик мол-мулки бўлган Алишер Усмонов Россиянинг 200 нафар энг бой бизнесменлари қаторидан 3-ўринни олди. 2017 йили унинг маблағи 15,2 миллард АҚШ доллари бўлиб 5 ўринни эгаллади. Бир бизнесмен мол-мулкига тегишли турли рақамларни келтиришимиздан ҳайрон бўлманг, очиқ, расмий, оқ бизнес ана шунақа бўлади. Жаҳондаги иқтисодий силсилалар, инқирозлар туфайли бир гал 20 миллиард бўлиб турган капиталингиз шу кунги нефть, газ ёки олтиннинг баҳосига қараб 15 миллиардга тушиб қолиши ёки кўтарилиб кетиши мумкин.
Энди энг сўнгги янгиликлардан биттасига тўхталиб ўтмоқчимиз. 2018 йили баҳорда Тошкентдаги «Ўзбекистон» халқаро форумлар саройида буюк киноактёр, режиссёр, жаҳон «сўзсиз кино»сининг «қироли» деб ном олган машҳур Чарли Чаплиннинг «Катта шаҳар чироқлари» фильмининг намойиши бўлиб ўтди. 1930 йиллар жаҳон кинематографиясининг шедеври деб эътироф этилган бу фильм Россия Миллий филармонияси оркестрининг бадиий раҳбари, буюк дирижёр Владимир Спивак раҳбарлигида янграган жонли мусиқа садолари остида намойиш этилди. Мазкур концерт дастури Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги билан Алишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» Россия фонди томонидан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур фильм-концерт кино санъати энди пайдо бўлаётган ХХ аср бошларидаги маданий муҳитни, у пайтда энди намойиш этила бошлаган дастлабки кинофильмларни, ўша давр ва муҳитни эслатди.
Сармоядор ватандошларимизнинг инсонпарварлик фаолиятини кўриб хурсанд бўласан киши. Бир ердан, бир элдан бўлганингга, уларнинг ишбилармонлиги, уддабуронлиги, мақсадни аниқ қилиб қўйиши ва унга албатта эришишини, айни бир пайтда қўлининг очиқлиги-ю бағрининг кенглигига ҳавас қиласан, фахрланасан. Гап шундаки, бугун ўз ватани Ўзбекистонга инвестиция киритишни хоҳлаётган хориждаги ўзбеклар битта эмас: Искандар Маҳмудов, Фаттоҳ Шодиев, Алишер Усмонов ана шулар қаторидан ўрин олган. Улар ўз ватанидаги сўнгги оламшумул ўзгаришларни кўриб бир эмас бир нечта лойиҳаларда қатнашишга, эзгу ишлар қилиб ўзлари ҳақида яхши ном қолдиришга ошиқишмоқда.
Ўзбекистонда кўпроқ таниш бўлган, халқ орасида ҳам юқори доираларда ҳам катта обрў-эътиборга эга Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом маданияти маркази қурилишига маблағ ажратиш ниятини борлигини билдирди. Шундай қилиб, бошқа давлатда, ўзга тамаддун ҳукмрон бўлган муҳит-шароитда кўп йиллардан буён яшаётган бўлса ҳам ҳамюртларимиз қалбида Ватанига, ўзлари учун муқаддас бўлган ота макон, она тупроғига содиқлиги, ҳурмати, меҳру муҳаббати сақланиб қолган.
Россиялик ватандошларимиз Бухорои шарифдаги туристлар сайлгоҳи қурилишига Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа инвесторлар билан ҳамкорликда маблағ киритиш истагини билдирдилар. Алишер Усмоновнинг маблағи ҳисобига яқин кунларда Бухоро шаҳри ва унинг атрофида 10 гектардан каттароқ бўлган майдонда бутун бир замонавий туристик комплекс — сайлгоҳ пайдо бўлади.
Янги туристик сайлгоҳ Ғиждувон кўчаси ва «Кўҳна ва боқий Бухоро» маданий мажмуаси оралиғида жойлашган жойда барпо этилади. Сайлгоҳ майдонида пастқаватли замонавий меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказларини барпо этиш режалаштирилган. Уларда куну-тун чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва мароқли ҳордиқ чиқариш таъминланиши кўзда тутилган.
Туристик зонада турли шоулар, ўтмиш воқеалари акс эттирилган театрлаштирилган концерт томошалари намойиш этилади ва фолклор ансамбллари билан бир қаторда замонавий эстрада хонандалари чиқишлари, миллий модалар намойиши ва бошқа томошабоп тадбирлар ташкиллаштирилади.
Янги туристик ҳудуд Интернетга тўлиқ бепул уланиш имкониятини берадиган Wi-Fi билан қамраб олинади
Яхши ниятли, бағри кенг, кўнгли ҳам қўли ҳам очиқ одамлар топилса жумлаи жаҳон ёрдам кўрсатаётгандек бўлар экан. Сайлгоҳ – мажмуада катта мулкдорлар учун алоҳида, ўрта ва кичик тадбиркорлар учун алоҳида ва фуқаролар учун ҳам алоҳида шинам, нарҳи ҳам арзонроқ бўлган турли тоифадаги меҳмонхоналар, ресторанлар, миллий совға-салом сувенир дўконлари, бутун бир дам олиш, ҳордиқ чиқариш маркази қурилиши режалаштирилган.
Узоқ йиллар давомида бошқа юртда, бошқа муҳитда фаолият кўрсатган машҳур ватандошларимиз Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим бўлган бугунги кунда ўз ватанининг қувончу ташвишларига шерик бўлиш ниятини билдирмоқдалар. Буни тушунса бўлади, ватандошларимиз қаерда, у Бельгия бўладими, Россиями, Қозоғистонми ва қандай шароитларда бўлмасин, бугун улар учун киндик қони тўкилган ота-боболари маконига, олтин тупроғига тенг жаннат бўлмаса керак дунёда. Бобо ва момоларининг мозорлари бўлган бу мўътабар-муқаддас ерда уларни авлод-аждодларининг руҳи қўллаб қувватлайди. Боз устига, бельгияликлар жуда хуш кўрадиган «картофель чипси»си ёки «бельгия вафлиси» бўладими, русларнинг пельмени, боршчими ёки қозоқларнинг бешбармоғими, бари-бир сув бўйидаги салқин-сояда жойлашган ўзбек чойхонасида, қозонда, очиқ ҳаво-ю очиқ оловда тайёрланаётган чойхона паловига, буғи чиқиб турган самовар чойига, бу ердаги дўстларининг ҳазил-у аскияларига, ширин суҳбатига нима ецин. Ўзбек қаерда бўлмасин бу муҳитни соғинади, қўмсайди, унута олмайди, борган жойидан албатта қайтиб келади.
***
Энди миллиардерларнинг дам олиши, ишқивозлиги ёки «хобби»си деймиз-ми, ана шулар тўғрисида ҳам икки оғизгина тўхталиб ўтамиз. Агар бизнесмен бой ёки жуда ҳам бой бўлса, мол-мулки, пули-маблағи қанча эканлигини ҳатто ўзи ҳам билмаса, унда миллиардерларнинг бадавлатлигини уни лимузинининг узунлигига ёки кўл ва денгизларда сузаётган шахсий яхтасининг ўлчовлари: сув сиғими, мачтасининг баландлиги, кема бортининг кенглиги, яхта каюталарининг сони-ю яхтасининг узунлиги неча ўн метр эканлигига қараб ўлчанади. Ҳозир ўнлаб россияликлар узунлиги 100 метрдан ошган яхталарга эга. Булар қаторига Дмитрий Пумпянскийнинг Blade яхтаси, Алишер Усмановнинг Dilbar номли яхтаси, Андрей Мельниченконинг Sailing Yacht яхтаси киради. Улар қаторида Роман Абрамовичнинг 113 метр узунликдаги, бир пайтлар жаҳонда энг узун ва катта деб ҳисобланган, Le Grand Bleu яхтаси ҳам бор. Яқин-яқингача энг зўр деб юритилган Eclipse яхтаси бугун иккинчи ўринга тушиб қолди. Ҳозир Бирлашган Араб Амирликлари президенти — Абу-Даби амири ихтиёрида бўлган 180 метр узунликдаги Azzam яхтаси биринчи ўринга чиқиб олган.
Бир қонуният сезилмоқда. Россияликлар ихтиёридаги яхталарнинг сони кейинги пайтда жаҳон бозоридаги нефтнинг баҳоси билан чамбарчас боғлиқлиги маълум бўлиб қолди. 2000—2008 йиллари бир баррель нефть 30 доллардан 140 долларга қадар кўтарилганида яхталик россияликлар сони айниқса кўпайди. USM Holding компаниясининг эгаси Алишер Усмонов экстра класс мавқеидаги бир йўла учта яхтанинг эгаси бўлди. 66 метрли Natita яхтаси 2005 йилда Нидерландиянинг океан қирғоғидаги машҳур Oceanco яхта қуриш верфида йиғилган. Узунлиги 110 метр. Ҳисоб бўйича иккинчи рақамга эга бўлган бу яхтанинг номи Ona бўлиб у Усмоновга 200 миллион долларга тушган. Усмоновнинг яхталари орасида энг яхши ясатилгани, гўзал, кўркам, зўри Dilbar номи билан юритиладиган яхта бўлиб у Алишер Усмоновнинг онаси номига қўйилган. Dilbar яхтасининг узунлиги 156 метр бўлиб, у 600 миллион доллар қийматга эга. Бу барча қулайликларга эга бўлган ниҳоятда гўзал яхта Барселонанинг (Испания) 160 метр узунликка эга бўлган OneОcеаn Port Vell порти бандаргоҳида туради.
Яқинда бир хушхабар кўпчиликнинг диққатини ўзига қаратди. Унда айтилиши бўйича, Россия Фанлар академияси содир бўлган ноҳақликда адолатни тиклаган экан. Воқеа эса бундай бўлган эди. Сотувга қўйилган дунёдаги энг олий мукофот — Нобель тасвири туширилган олтин медаль унинг совриндори Америклик биолог — олим Жеймс Уотсонга қайтариб берилди, деб хабар қилди Россия оммавий ахборот воситалари. Айни америкалик биолог олим Жеймс Уотсон ҳамкасблари билан ҳамкорликда дунёда биринчи бўлиб ДНК нима эканлигини ва у нималардан ташкил топганини очиб бериб дунёдаги энг нуфузли мукофотга сазовор бўлади. Аммо 2014 йил олим бу беназир мукофотни сотишга мажбур бўлади. Олтин медаль Лондондаги «ким ошди савдоси»нинг болғаси биринчи бор кўтарилиши билан кимдир томонидан ақл бовар қилмайдиган юксак баҳо таклиф қилингани учун шу заҳоти сотиб юборилади. Икки ҳафта мобайнида Нобель мукофотини ким сотиб олганлигини ҳеч ким билмас эди.
Адолатнинг тикланиши, ноёб мукофотнинг эгасига қайтиб келиши алоҳида маросимга айланиб кетди. Бу воқеани ўз кўзлари билан кўриш, унинг асл эгаси, йирик биолог-олим билан учрашувга юзлаб талабалар, лаборантлар, академиклар, илмий марказларнинг директорлари пешвоз чиқадилар. Тантанали дақиқалар... Йиғилганларнинг ҳаммаси мукофотни эгасига қайтариб берилишини орзиқиб кутишар эди. 90 ёшдаги йирик олим қадрдон бўлиб қолган ўзининг Нобель олтин медалини қайта олиши билан кўзларидан оққан ёшларини тўхтата олмай қолади. У ярим йилдан буён бу дақиқаларни орзиқиб кутган бўлса ҳам, воқеани бундай илиқ якунланишини ҳаёлига ҳам келтирмаган экан.
Нобель олтин медалини сотиб юбориш тарихи эса бундай бўлган. 2014 йилнинг охирига бориб унинг эгаси олим Жеймс Уотсонга АҚШда чоп этилган дарсликлари учун гонорар беришни тўхтатиб қўйилади. Энди у фақат илмий марказдан олаётган маошига қараб қолади. Ишлар шундай давом этаверадиган бўлса, Уотсон шуғулланаётган саратон касаллигини даволайдиган дорини излаш, топиш, яратиш бўйича сўнгги йилларда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари тўхтаб қолиш ҳавфи туғилган эди.
Таъкидлаш жоизки, исми-шарифи номаълум бўлган медаль харидори шу мукофотни сотиб олиб эгасига қайтариш учун қарийб 5 миллион доллар ҳақ тўлашга рози бўлади. Бир ҳафтадан кейин мукофотни россиялик бизнесмен сотиб олганлиги маълум бўлади. Медалдан келадиган маблағни олим нимага сарфлашини мақсад қилиб қўйганини билиб қолганидан кейин эса бизнесмен бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмайди. Нобель медалини сотилиши ҳақидаги гаплардан хабардор бўлган тадбиркор шундай деди: «Мен ҳайрон бўлдим, наҳотки шундай буюк мамлакатда яшаётган Нобель совриндори шу мукофотининг пулига зор бўлиб қолган бўлса, деб ўйладим. Кейин олим нима учун медалини сотаётганлигининг сабабини суриштирдим, мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, Нобель мукофоти таъсис этилгандан буён ҳаёт (тириклик) пайтида ҳали ҳеч ким ўзининг бундай олий даражадаги мукофотини сотмаган эди. Бу воқеа мени қизиқтириб қолди десам нотўғри бўлар, безовта қилиб, ташвишга солиб қўйди. Менинг билишимча, Жеймс Уотсон биринчи бўлиб ДНКни нима эканлигини, унинг сир-асрорларини очиб бериб жаҳонмшумул кашфиёт қилган олим. Уотсоннинг кашфиётидан кейингина инсоният ДНК ҳақида, унинг парчаланиш жараёнларидан хабардор бўлди».
Жеймс Уотсон ҳамкасблари Нобель мукофоти бўйича ҳамсовриндорлар: Фрэнсис Крик ва Морис Уилкинс билан ҳамкорликда икки қаторли спирал шаклидаги темир айланма пиллапояларга ўхшагич ДНК молекулалари таркиби - структурасининг модели яратилиб илм-фан оламида жаҳоншумул инқилоб қилишмоқда. Бу кашфиётлар ёрдамида инсон геномини ўқиш имконияти пайдо бўлди, кўплаб касалликларнинг эса пайдо бўлишидан аввал уларни инсон организмида аниқлаш, муҳими бу оғир касалликларнинг олдини олишга муваффақ бўлмоқда.
Олим билан тадбиркор бир бирлари билан ҳали бирон марта учрашишган бўлмаса ҳам уларни ғойибона дўстлик ришталари боғлаб турибди. Энди сирни очишга тўғри келади. Бу ҳотамтой рус бизнесмени, мультимиллионер, миллардер чустлик ўзбек тадбиркори Алишер Усмонов бўлиб чиқди.
Жеймс Уотсон умрининг ярмини саратон касаллигига қарши курашга бағишлади, ноёб илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Алишер Усмоновнинг отаси, Тошкент шаҳрининг собиқ бош прокурори Бурхон Усмонов шу диагноздан вафот этган эди. Джеймс Уотсон ҳам ўзининг амакисини шу касалликдан даволашга улгура олгани йўқ. Лекин машҳур олим раҳбарлигида ҳозир илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган ёш олимлар Жеймс Уотсоннинг 19 ёшидан буён орзу қилиб келаётган ниятига энди етишади. Улар бу диагнозни даволайдиган дори-дармонлар яратишади ва бу инсониятга катта хавф туғдираётган оғир касалликнинг устидан ғалаба қозонишади, деган умид бор. Воқеа ана шундай бўлган эди.
***
Яна бир янгилик. Россия Федерациясининг Давлат думаси қабул қилаётган янги қонунга кўра, Россиядаги бадавлат фуқаролар ўз номлари билан аталувчи фондлар ва мукофотлар таъсис қилишлари ва уларга ўз бойликларини васият қилишлари мумкин бўлади. Янги жорий этилаётган механизм, бадавлат ишбилармонларнинг мол-мулкларидан улардан кейин ҳам, қолдирилган васиятномага мувофиқ – давлат ва ҳукумат ташкилотлари бу маблағларни самарали бошқариш, кўпайтириш ва хайрия мақсадларида фойдаланиш имконини яратади.
Экспертлар фикрига кўра, бой-бадавлат ишбилармонларнинг тўғридан-тўғри ворислари ҳар доим ҳам энг мос келадиган бошқарувчи бўла олмайди.
Иккинчидан, айрим бадавлат бизнесменлар ўз ворисларининг хавфсизлигини ўйлаб ҳам ана шундай қарорга келишган. Хусусан, 2017 йилда бойлиги 14,4 миллиард доллар баҳоланган «Альфа групп» эгаси миллиардер Михаил Фридман ана шундай фикр билдирган эди.
Ундан ташқари, мол-мулки 15,2 миллиард доллар этиб баҳоланган Алишер Усмонов, даромади 14,3 млрд. доллар бўлган «Норникель» компанияси президенти Владимир Потанин ҳам ўз бойликларининг катта қисмини мерос фондларига ўтказиш ва келажакда улардан жамоатчилик манфаатлари учун фойдаланиш ниятлари борлигини билдиришган эди.
Хабарда айтилишига кўра, Россияда ана шундай мерос фондларига эҳтиёж анча вақтдан бери бор эди, лекин тегишли қонун бўлмагани туфайли олдин бундай амалиётлар Буюк Британия ёки бошқа мамлакатлар орқали амалга оширилар эди. Янги қонун кучга кирса, Россиянинг ўзида 2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб мерос фондлари ташкил қилиш мумкин бўлади.
Изоҳ (0)