Самарқанд шаҳар ҳокимияти шаҳарнинг рус архитектураси намуналари жойлашган қисмида кўп қаватли бинолар қуриш лойиҳасидан воз кечди, деб ёзади Sputnik.
Вазиятни ўрганиб чиққан мутахассислар, шаҳарнинг XIX аср охири ХХ аср бошларида қурилган қисмида кўп қаватли бинолар қуриш, ушбу тарихий объектларнинг зарар кўришига ва шаҳарнинг тарихий қиёфаси ўзгаришига олиб келиши мумкинлигини кўрсатган.
18 июнь куни эрталабдан Пушкин кўчасида барча қурилиш ишлари тўхтатилган, ихтисослашган муассасаларга вазиятни ўрганиб, ушбу ҳудуднинг тарихий сиймосини сақлаб қолувчи қурилиш режаси ишлаб чиқиш топширилган.
Хусусан, мансабдор шахслар айтишига қараганда, ушбу ҳудудда баландлиги уч қаватдан юқори бўлган (ертўла билан ҳисоблаганда) бинолар қуриш тақиқланади. Шунингдек, янги қуриладиган бинолар ҳудуднинг 1,5 аср давомида шаклланган умумий меъморий қиёфасига мос бўлиши керак.
Чор Россияси даврида қурилган биноларнинг ташқи кўриниши ва ички тузилиши сақлаб қолинган ҳолда, қайта таъмирланади. Айни дамда сайёҳлар кам келадиган, шаҳарнинг ушбу қисми хорижлик меҳмонлар учун қизиқ бўлган масканга айлантирилади.
Аввалроқ Самарқандда XIX асрда қурилган 4 та масжид бузиб ташланиши оқибатида давлат манфаатларига 13,2 миллиард сўм зарар етказилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)