Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот кутубхона марказига Туркия миллий кутубхонаси томонидан қимматли манба — Аҳмад Фарғонийнинг турк тилида нашр қилинган нодир китоби тақдим этилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар қилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имзоланган меморандумга асосан, Ўзбекистон вакиллари Анқарада бўлиб кутубхоналар фаолияти билан яқиндан танишган эди. Ана шу ижодий сафар самараси натижасида Аҳмад Фарғонийнинг асосий ноёб астрономик асари «Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум» («Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби») вилоят ахборот кутубхонаси марказидан жой олди.
Ушбу астрономик китоб 12—13-асрларда Европада лотин тилига икки марта, Европа давлатлари тилларига бир неча маротаба таржима қилиниб университетларда астрономиядан асосий дарслик сифатида қўлланилган. 1669 йили машҳур голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус ал-Фарғоний асари арабча матнини қайта ва янгиланган лотинча таржимаси билан нашр эттирганидан сўнг, ал-Фарғоний шахсияти ва унинг асари Европада шуҳрат қозонди.
«Аҳмад Фарғонийнинг 1119 йилда ёзилган ушбу асари дунёда ягона нусха ва у Туркия миллий кутубхонасида сақланмоқда. Шу кунгача кутубхонамизда алломанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар, турли олимларнинг рисолалари бўлса-да, базамизда унга тегишли бирорта асар йўқ эди. Туркия миллий кутубхонаси билан бевосита ҳамкорлигимиз натижа берганидан ва таклифимиз қаноатлантирилганидан жуда хурсанд бўлдик. Турк тилидаги таржима китоби ахборот технологиялардан юқори унумда фойдаланилган ҳолда чоп этилган. Китобда асарнинг таржимаси билан биргаликда фото нусхаси ҳам келтирилади», — дейди вилоят ахборот кутубхона маркази директори Шоҳидбек Аслонов.
Вилоят ахборот кутубхона маркази ходимлари йил охирига қадар «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби»ни ўзбек тилига мукаммал таржима қилиб, китобхонлар эътиборига ҳавола этишни режалаштирган.
Изоҳ (0)