AdMe Кеван ва унинг дўстлари ҳақида ҳикоя қилади. Эҳтимол, Кеваннинг тарихи кимларнидир янги ҳаёт бошлашга илҳомлантирар.
Америкалик Кеван Чандлер 32 ёшда. У ногиронлар аравачасида ҳаракатланади, оёқ ва қўллари деярли ишламайди. Шу ҳолида у маҳаллий супермаркетдан бошқа жойга боришни орзу қилиши мумкин эдими? Аммо у бутун Европани айланиб чиққан.
Кеван – туғма ногирон. Унга бел мушаклари атрофияси ташхиси қўйилган. Касаллик мушаклар заифлашишини келтириб чиқаради ва одам ҳаракатланишга қийналади. Кеваннинг сўзларига қараганда, у бутун умри давомида ўз орзулари ва имкониятларининг бир-бирига мос келмаслигидан қийналган. Бироқ у ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтамаган. Унинг энг катта орзуларидан бири саёҳат қилиш эди. Унга доим китоблар ва синглиси Конни илҳом берган. Конни ҳам мушаклар атрофияси билан туғилган, бироқ ҳеч қачон тушкунликка берилмаган ва акаси билан биргаликда янгидан-янги ғояларга қўл уришдан чарчамаган.
Кеваннинг дўстлар борасида омади чопган. Унинг 3 та содиқ дўсти бор. Кунлардан бир куни Кеваннинг дўстлари унинг азалий орзусини рўёбга чиқаришга қарор қилган. Улар Кеванни хорижга 3 ҳафталик саёҳатга олиб боришга аҳд қилган. Бироқ бу осон иш эмас эди, негаки Кеван фақатгина ногиронлар аравачасида ҳаракатланар, қолаверса, саёҳат учун етарли пули ҳам йўқ эди.
Кеваннинг дўстлари «Биз Кеванни олиб борамиз» (We Сarry Kevan) номли краудфандинг (интернетда хайрия маблағлари йиғиш) лойиҳасини ишга туширди. Улар ҳали дунё эшитмаган ҳикояни сўзлаб беришни ваъда қилган. Кеваннинг дўстлари Европани айланиб чиқиш, саёҳатлари ҳақида фильм суратга олиш ва китоб ёзишга аҳд қилган.
Натижада Кеванга жуда кўп хатлар келган. Кеваннинг худди ўзи сингари ногиронлар унга «Сиз мени ҳаётга бошқача қарашга мажбур қилдингиз» деб ёзган.
Дўстлари Кеванни йўл рюкзагига солиб юришган. Бу жуда қулай ва хавфсиз ечим эди. «Бизнинг саёҳатимизда мен рюкзак эдим», — дея Кеваннинг ўзи ҳазил қилади. Биргаликда дўстлар Англия, Ирландия, Францияни айланиб чиққан. Саёҳат давомида дўстлар тоғларга чиққан, табиат манзараларидан баҳра олган ва, албатта, жуда кўп суратларга тушган. Жумладан, Кеван ва унинг ҳамроҳлари Эйфел минораси олдида ҳам суратга тушиб, ногирон йигит учун иложсиз бўлиб туйилган ишни амалга оширган. Вақти вақти билан кўнгиллилар саёҳатчиларга қўшилган ва Кеваннинг ҳаракатланишига ёрдам берган.
Ҳозирда Кеван ва унинг ҳамроҳлари Хитойга саёҳат қилишни режалаштирмоқда. Айни пайтда саёҳат учун зарур бўладиган 25 минг долларнинг 20 минги йиғилган. Бу шунчаки саёҳат бўлмайди: дўстлар тарихий ёдгорликлардан ташқари ногирон ва етим болаларга ёрдам бериш марказларига ташриф буюриб, совғалар улашади. Кеваннинг айтишича, «Агар сен ниманидир қилишни чин илдан истасанг, албатта, йўлини топасан».
Изоҳ (0)