Фарғона вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасида сўроқ жараёнини стенография усулида ёзиб олиш, видеокузатув, шунингдек, аудио ва видео қайд этиш тизими билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил қилинди. Бу ҳақда «Дарё»нинг Фарғонадаги мухбири хабар берди.
Оператор хонаси ҳамда гумон қилинувчи ва айбланувчи сўроқ қилинадиган хона ўртасида Гезелл ойнаси ўрнатилган. Maxсус хоналарда сўроқ қилиш, юзлаштириш, шахсни таниш, масофадан туриб видеоконференц алоқа тизимида тергов олиб бориш имкони мавжуд.
Тергов хоналаридан бири вояга етмаганлар учун мўлжалланган бўлиб, болалар ҳаяжон ва қўрқувга тушмаслиги учун ўйинчоқлар, расмлар ва бошқа кўргазмали воситалар билан жиҳозланган. Бу хонада жиноятдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган вояга етмаганлар сўроқ қилинади. Сўроқ давомида терговчиларга психологлар ёрдам беради.
Лойиҳа Президентнинг «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилган.
«Бу турдаги махсус хоналар қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ўтказиш, шунингдек, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки камситувчи муомала каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этади» – дейди катта терговчи, майор Нуриддин Муҳсинов.
Гезелл ойнаси билан ажратилган махсус хоналар гумон қилинувчининг жабрланувчи ва гувоҳлар, жумладан, болалар билан тўғридан-тўғри алоқасини чегаралаган ҳолда тергов қилиш имконини яратади. Бу эса жиноят ишининг вояга етмаган иштирокчиларига қайтадан руҳий жароҳат етказмасликда муҳим саналади.
Эслатиб ўтамиз Сурхондарё ИИБда махсус тергов комплекси ташкил қилинганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)