Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Анджей Папеж бошчилигидаги делегация вакиллари билан Ўзбекистон—Польша бизнес-форуми ўтказилди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.
Польша делегацияси таркибидан озиқ-овқат, қурилиш, тиббиёт ва биотехнология, муҳандислик, электротехника, қишлоқ-хўжалиги соҳаларда фаолият олиб борувчи 20 га яқин йирик компания вакиллари ўрин олди.
Учрашув давомида Польша делегацияси вакиллари Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатда инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт шароитлар ва имтиёзларни юқори баҳолаб, давра суҳбати Ўзбекистон ва Польша ишбилармон доира вакиллари учун ўзаро тажриба алмашиш имконияти беришини таъкидлаб ўтди.
2017 йилда икки мамлакат ўзаро товар айланмаси 104,9 миллион долларга етган бўлса, 2018 йилнинг 4 ойи давомида ушбу кўрсаткич 46,3 миллион долларни ташкил қилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Польша инвесторлари иштирокидаги 25 та корхона фаолият юритмоқда.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш каби масалаларни муҳокама қилди.
Изоҳ (0)