Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Дин тарихи давлат музейида «Ўзбекистон – маданиятлар чорраҳасида» номли кўргазма ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Кўргазма «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотга йўл» Иккинчи халқаро конгресси доирасида ташкил қилинган.Музей ходимларининг таъкидлашича, ўтган асрнинг 60 йилларида Сурхондарё вилоятидан топилган Будда ҳайкалчасининг бош қисми энг нодир экспонатларидан биридир. Кўргазмада Ўзбекистондан келтирилган Қуръони Карим нусхалари, жойнамозлар, таҳорат олиш учун ишлатиладиган обдасталар намойиш этилди.Шунингдек, Самарқанддан келтирилган, яҳудий келин-куёв ўртасида икки аср муқаддам тузилган никоҳ шартномаси кўргазмага ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинди.Ноёб экспонатлардан яна бири — Бухоро амири Саид Абдулаҳадхонга тегишли зардўзи чопон. Унинг Россияга қандай келиб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.Музей фондига Ўзбекистон ҳудудидан топилган «Катта Лангар Қуръони»нинг факсимиле (фотографик ёки босма усул билан айнан акс эттириш) нусхаси, «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги китоблар совға қилинди.
Изоҳ (0)