Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида «Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» мавзусидаги иккинчи халқаро конгресси бошланди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) мутасаддилари маълум қилди.
Мазкур нуфузли анжуман ЎзЭОАВМА ташаббуси билан бир қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг бой ва бетакрор маданий меросини чуқур ўрганиш ва дунё миқёсида кенг тарғиб этишдан иборат.
Анжуман доирасида Санкт-Петербургдаги Россия этнография музейи, Россия миллий кутубхонаси, Дин тарихи музейи, Шарқ қўлёзмалари институти ва бошқа бир қатор илмий ва маданий муассасаларда Ўзбекистонга оид кўргазмалар ташкил этилиши кутилмоқда. Ушбу маданият масканларига мамлакат меъморий ёдгорликларидаги эпиграфика санъати ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбомлари беғараз туҳфа этилади.
— Россияда мамлакатимизга оид жуда катта миқдордаги тарихий экспонатлар, маданият дурдоналари, ноёб қўлёзмалар сақланмоқда, — дейди Ўзбекистонга оид хориждаги маданий ёдгорликларни тадқиқ этиш маркази директори, фалсафа фанлари доктори Роик Баҳодиров. — Биз айни пайтда бу мамлакатдаги музейлар, илмий муассасалар билан илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқдамиз. Муҳими россиялик ҳамкорларимиз бизнинг бу борадаги таклифларимизни мамнуният билан қабул қилмоқда. Мазкур халқаро анжуман ана шу ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб беришига ишонамиз.
Конгресс доирасида 7 июнь куни шўъбаларга бўлинган ҳолда илмий мунозаралар ўтказилиши белгиланган. Халқаро конгрессда дунёнинг 30 ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган олимлар ва мутахассислар, йирик музейлар ва илмий марказлар вакиллари иштирок этмоқда.