2018 йилнинг 6—8 июнь кунлари Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА), Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ва Ислом цивилизацияси маркази, Eriell Group компанияси, «Замон пресс инфо» нашриёт уйи ҳамкорлигида Санкт-Петербургда «Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл» мавзусида II халқаро конгресс бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га ЎзЭОАВМА мутасаддилари маълум қилди.
Ушбу анжуманга жаҳоннинг 30 дан зиёд давлатидан 200 дан ортиқ олим, эксперт, дипломатлар, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари таклиф этилган.
Конгресс давомида:
Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти, Россия этнография музейи, Этнология ва антропология музейи (Кунсткамера), Россия миллий кутубхонаси, Рус адабиёти институти (Пушкин уйи) ва Дин тарихи давлат музейида Ўзбекистон маданий меросига бағишланган кўргазмаларни ташкил қилиш;
Ўзбекистон археологияси, тарихи, китобат санъати, нумизматикаси, тўқимачилиги, халқ амалий ва бадиий санъати, рассомчилигига оид илмий мунозаралар ташкил этиш;
«Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» туркумидаги китоб-альбомларнинг навбатдаги бешта жилди («Германия музейларида Ўзбекистон санъати», «Дин тарихи давлат музейи тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси» (Санкт-Петербург), «Ўзбекистон давлат санъат музейи тўпламларида Ўзбекистон санъати» (Тошкент); «Ўзбекистон гиламчилиги: асрларда сақланган анъаналар» (Ўзбекистон, Россия, Испания, АҚШ, Канада), XV жилд, «Мовароуннаҳр санъати Давлат Эрмитажи тўпламида. II қисм») ҳамда улар асосида суратга олинган 5 та ҳужжатли фильм тақдимотини ташкил этиш;
13 жилддан иборат «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбоми, Буюк Британияда сақланаётган Алишер Навоий қўлёзмалари ва «Зафарнома» асари факсимилe нусхаларининг тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари ўзбек санъати усталари иштирокидаги концерт дастурини томоша қилиб, миллий таомлардан баҳраманд бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)