Фотогалерея: Дунёдаги аҳоли яшайдиган энг қадимий шаҳарлар
Инсоният цивилизацияси тарихи бир неча мингйилликларга бориб тақалади. Ҳайратланарлиси, бугунги кунда қадим ўтмишда пайдо бўлган шаҳарлар ҳамон мавжуд ва уларда одамлар яшамоқда. TravelAsk сайёрадаги аҳоли яшайдиган энг қадимий шаҳарларга эътибор қаратди.
Иерихон, Фаластин
Мазкур шаҳардаги энг қадимий одамлар излари милоддан аввалги тўққизинчи минг йилликларга бориб тақалади. Мудофаа деворлари қолдиқлари уларнинг милоддан 6800 йил аввал қурилганидан гувоҳлик беради. Шаҳарда VII — XIX асрларда аҳоли яшамаган бўлса ҳам, у сайёрадаги энг қадимий шаҳар деб тан олинган.
Библ, Ливан
Бугунги кунда Жебейл деб аталувчи Библ шаҳри милоддан аввалги тўртинчи минг йилликлардан маълум.
Дамашқ, Сурия
Араб тарихчиларининг маълумотларига кўра, Дамашқ шаҳрига милоддан аввалги тўртинчи минг йилликда асос солинган. Ўзининг узоқ тарихи давомида Дамашқ шу ном билан аталган қироллик маркази бўлган, Александр Македонский ва Византия империялари таркибига кирган.
Алеппо, Сурия
Турли манбалар Алеппонинг пайдо бўлиш санасини турлича баҳолайди: милоддан аввалги 6—4-мингйилликлар. Шаҳарда қадимий тарихни тасдиқловчи кўплаб ёдгорликлар сақланиб қолган.
Суза, Эрон
Қадимги даврда бу шаҳар Эрон давлатининг пойтахти сифатида машҳур бўлган. Суза шаҳри милоддан аввалги 7—4-мингйилликларда юзага келгани тахмин қилинади. Айни пайтда кўплаб архитектура объектлари сақланиб қолган шаҳарда 60 минг киши яшайди.
Аргос, Греция
20 минг киши яшайдиган бу грек шаҳри Европанинг доимий аҳолига эга шаҳарлари ичида энг қадимийси саналади. Тарихчилар Аргосда милоддан аввалги бешинчи мингйилликларда аҳоли мавжуд бўлганини тахмин қилади.
Афина, Греция
Греция пойтахтидаги дастлабки ёдгорликлар милоддан аввалги 1600 йилларга бориб тақалса ҳам, у милоддан аввалги тўртинчи мингйилликда пайдо бўлган.
Сидон, Ливан
Сидон ҳам Библ каби қсдимий порт шаҳарлардан бири саналади. Сидоннинг пайдо бўлиш санаси тўртинчи мингйилликларга бориб тақалади. Айни кунда Сайда деб аталувчи шаҳарда 200 минг киши яшайди.
Ал-Файюм, Миср
Тарихий ёдгорликларнинг кўплигига қарамасдан, Мисрда қадимий фаръавнлар даври шаҳарлари сақланиб қолмаган. Ал-Файюм бугунги кунда Мисрнинг энг қадимий шаҳри ҳисобланади, унинг асослари милоддан аввалги тўрт мингйилликларга тақалади.
Пловдив, Болгария
Шаҳар ҳақидаги биринчи ёдгорликлар милоддан аввалги 1200 йилларга тааллуқли. Тарихчилар фикрига кўра, шаҳарнинг дастлабки аҳолиси милоддан аввалги олтинчи мингйилликларда яшаган. Пловдивда Рим амфитеатри, шунингдек, Антик ва Ўрта асрлар даврининг бошқа ёдгорликлари яхши сақланиб қолган.
Байрут, Ливан
Финикияликларнинг Барут шаҳри милоддан аввалги XV асрдан маълум, унинг аҳолиси эса милоддан аввалги учинчи мингйилликларда мавжуд бўлган. Ливаннинг бугунги кундаги пойтахти минтақадаги етакчи ўринни эгаллайди.
Қуддус, Фаластин
Яқин Шарқдаги бу қадимий шаҳарга милоддан аввалги тўртинчи мингйиллликда асос солинган. Ёзма манбалардаги биринчи ёдгорликлари милоддан аввалги ХХ—XIX асрларга тааллуқли.
Изоҳ (0)