Фарғонада Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Қирғизистон Жоғорқу Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Жоғорқу Кенеш тўроғаси ўринбосари Асель Қодуранова мамлакатлар парламентлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда мунтазам мулоқот, барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликнинг қонуний асосини ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда яхши қўшнилик, дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатлари турли йўналишларда жадал тараққий этмоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаймоқда. Мазкур парламентлараро комиссиянинг ташкил этилиши бу борадаги ишларнинг амалий натижаларидан биридир.
Мажлисда парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.
Комиссия мажлиси якунида Олий Мажлис ва Жоғорқу Кенеш ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг регламенти, шунингдек, Ўзбекистон парламентı ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Жоғорқу Кенеш девонининг илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Изоҳ (0)